Самарқандда ота-оналарга болалари поездларга тош отмаслиги лозимлиги уқтирилди

kun.uz
kun.uz

Кейинги йилларда янги темирйўл тармоқларининг очилиши, тезюрар поездлар қатновининг йўлга қўйилиши ушбу транспортдан фойдаланувчилар сафини кенгайтирмоқда.

Аммо аҳолининг темирйўл билан боғлиқ муносабатларда ўз мажбуриятини бажармаслиги турли кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлмоқда, деб ёзади Самарқанд транспортдаги ИИБ инспектори Ф. Сатторов “Зарафшон” газетасида.

“Жумладан, кейинги икки ой давомида Пастдарғом туманида темирйўл атрофидаги маҳаллаларда бир нечта транспорт ҳодисалари қайд этилиб, бунинг оқибатида фуқароларнинг ҳаётдан кўз юмиши, ногирон бўлиб қолиши кузатилди”, деб қайд этади ИИБ вакили.

Ф. Сатторовга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан маҳаллаларда учрашувлар ўтказилиб, темирйўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтишнинг аянчли оқибатлари, бунинг учун қонунчиликда белгиланган чоралар тушунтирилди. Болалар томонидан вагонларга тош отиш, темирйўл изларига турли буюмлар қўйиш каби салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида ота-оналар, ўқитувчилар ва маҳалла фаолларининг масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.

SHARE