Хитой Ўзбекистон учун “катта оға” бўла оладими?

china-dragon_1795137b

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 3-13 сентябрь кунлари Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб давлат ташрифини амалга оширди. Хитой раҳбарининг Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ташрифи бўйича расмий маълумотлар шуни кўрсатадики, Марказий Осиё мамлакатлари катта миқдорда молиявий, иқтисодий ва инвестициявий “мукофот” билан сийланган.

Шуни айтиш керакки, Хитой Халқ Республикаси Раисининг Ўзбекистонг ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 ҳужжат имзоланди. Ўзбекистон тарихида бундай кўламдаги шартномалар имзоланмаган, десак муболаға бўлмайди.

Ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон – Хитой газ қувурини қуриш ва ишга тушириш тамойиллари тўғрисидаги битимга қўшимча протокол йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга тўртинчи линия қурилишини назарда тутади;

Ангрен-Поп йўналиши бўйича темир йўл Хитойнинг Жанубий Осиё мамлакатларига тўғридан-тўғри чиқиши учун имконият яратади. Жорий йилнинг июнь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси ўртасида довондан туннель орқали ўтадиган Ангрен-Поп темир йўл линиясини қуриш бўйича умумий қиймати 455 миллион долларлик шартнома имзоланиши билан хитойлик ҳамкорлар иштирокида бу борадаги ишлар бошлаб юборилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг Хитойга интилишида бир қатор омиллар бор.

Аввало, Хитой Ўзбекистонга қандайдир бир сиёсий талабни илгари сураётгани йўқ. Дейлик, Россия минтақада ўз гегемонияси ва компаниялари учун устуворликни талаб қилса, АҚШ ва Европа Иттифоқи демократик қадриятлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича сиёсий талаб билан ҳамкорликка қўл уради. Шу боис ҳам Ислом Каримов “бутун ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган давр мобайнида Хитой Ўзбекистон олдига қандайдир сиёсий талаб қўйган ҳолат учрамаслигини айтиб, бундай ҳолат бўлмаган ва умид қиламанки, ҳеч қачон юз бермайди”, деб айтганда айнан “катта оға”ларнинг сиёсий талабини назарда тутган эди.

Иккинчидан, бугун ҳар қандай шароитда қандайдир “оға”га эга бўлиш жуда муҳим масалага айланди. Масалан, Яқин Шарқдаги вазиятлар шуни кўрсатаяптики, айрим мамлакатлар ички ишига ташқаридан аралашиш мумкин. Ана шундай шароитда бугун дунёда гарчи очиқчасига агрессив сиёсат олиб бормаётган бўлса-да, Хитойдек дастакка эга бўлиш фойдадан холи бўлмайди. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик масаласи замирида ҳам шу жиҳат муҳим. Яъни Ўзбекистон Хитойнинг ҳар қандай ҳудудий муаммоларида Хитой ҳукумати ва мамлакат яхлитлигини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон Тибет, Тайвань масаласида Хитой ҳукумати тарафида экани куни кеча амалга оширилган ташрифда айтиб ўтилди. Хитой раҳбари эса айнан шунга жавобан Ўзбекистонни “бировга хафа қилдириб” қўймаслигини айтиб ўтди. “Биз Сиз (Ўзбекистон)нинг ички ишларингизга ҳар қандай ташқи аралашувларга қарши чиқамиз. Ишонинг, Хитой абадий Сизнинг мамлакатингиз учун энг яхши дўст ва шерик бўлиб қолажак”, деди Си Цзиньпин.

Учинчидан, Ўзбекистон бугунги кунда Россия Федерацияси билан бевосита боғлиқ (қарам) бўлган соҳалар бор. Масалан, мамлакат ўз газини экспорт қилиш учун “Газпром” (Россия) қувурларидан фойдаланишга мажбур. Ёки темирйўл орқали ҳам Россия темир йўл тизимига боғлиқ тарафи бор. Ислом Каримов Хитойга “йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга тўртинчи линия қурилиши ўта катта аҳамиятга эга масала эканини” қайд этиб, “бу айрим мамлакатларнинг геосиёсий режаларига жиддий ўзгартишлар киритади”, деди. Президент “айрим мамлакатлар” деганда, бизнингча, Россия назарда тутаётган эди.

Тўртинчидан, сир эмас, сўнгги пайтларда Ўзбекистон Россия етакчи мавқега эга бўлган ташкилотларда ўз иштирокини қайта кўриб чиқмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ОДКБдан чиқишга қарор қабул қилди, Ўзбекистон — Қирғизистон, Ўзбекистон — Тожикистон ўртасида ҳам ҳал этилмаган муаммолар бор. Хитой билан яқин бўлиш, Ўзбекистоннинг минтақада ёлғизланиб қолмаслиги учун ҳам керакдир.

Хитой, албатта, ривожланаётган мамлакатларда ўз таъсир доирасини кенгайтириб бораётган, дунёнинг тақсимланмаган ресурсларидан ўз улушини олишга интилаётган давлат ҳисобланади. Ўзбекистонга йўналтираётган маблағлардан Хитой иқтисодиёти биринчи ўринда манфаатдор эканлигини унутмаслик лозим.

Негаки, Хитой Ўзбекистон иқтисодиёти учун йўналтириладиган бир неча миллиард долларлик маблағлар, аввало, Хитойдан тегишли техника ва жиҳозларни харид қилишни назарда тутади. Яъни, “майли, сармоя берамиз, лекин биздан ускуна, техника харид қиласиз” тамойили асосида иш юритади. Бу ўз маблағи ҳисобига истеъмолни жонлантириш демакдир.

Қолаверса, Марказий Осиёнинг табиий ресурсларига ва транспорт коммуникация тизимига инвестиция киритиш орқали ўз иқтисодиёти учун арзонроқ энергетика манбаларини ўзлаштириш, Марказий Осиё истеъмол бозорига чиқиш учун янги имкониятларга эга бўлиш ҳам Хитой раҳбариятининг узоқ муддатли стратегиясига киради.

Айнан мана шу омиллар Хитой ва Ўзбекистонни бир-бирига янада яқинлаштирди, десак муболаға бўлмайди.

Мурод ҒОФУРОВ