Аарон Алексис: намунали ҳарбий, буддист ва қотил

vd--Aaron-Alexis-408x264

Кеча Вашингтондаги АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг Navy Yard марказида 12 кишининг умрига зомин бўлган ҳамда ҳарбий денгиз кучлари марказида яна 8 нафар ҳарбий хизматчига тан жароҳати етказган Аарон Алексис илгари психологик касалликдан даволаниб чиққан. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Полиция билан отишмада отиб ўлдирилган 34 яшар Аарон паранойя хасталигидан азият чеккан бўлиб,  турли овозларни эшитадиган одати бўлган. У АҚШ мудофаа вазирлиги тизимидаги марказда қирғинни уюштиргунга қадар Пентагонга хизмат кўрсатадиган IT-компанияда ишлаган.

Сешанба куни Оқ уй устидаги байроқ туширилган. Аарон Алексиснинг бундай отишмани содир этиш сабаблари ҳали аниқлангани йўқ.

Ҳалок бўлганларнинг энг ёши 46да, энг кекса вакили эса 73 ёш бўлган. Уларнинг барчаси ноҳарбий шахслар бўлишган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг шахси тўлиқ аниқланган.

Аарон Алексис 1979 йилда таваллуд топган бўлиб, охирги вақтлар фақат Техасда истиқомат қилган. У қаттиқ назоратда бўлган бинога киргунга қадар йўлида учраган кишиларни ўлдирган. Сўнгги маълумотларга кўра, Аарон Алексис компаниянинг бошқа ходимлари сингари бинога кириш учун тегишли рухсатномага эга бўлган.

Қотил AR-15 яримавтомат винтовка ҳамда полиция вакилидан тортиб олган пистолетга эга бўлган. Алексис ўтмишда 3-рангдаги унтер-офицер бўлиб, ҳарбий денгиз кучларида 2007-2011 йилларда хизмат қилган. У халқаро терроризмга қарши миллий армияда намунали курашгани учун иккита медаль билан тақдирланган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, Аарон Алексис яқинда буддизмга ўтган бўлиб, ўтмишда қурол олиб юриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этган. Масалан, 2004 йилда бегона бир кишининг автомобили шинасига ўт очади. Орадан 6 йил ўтиб юқори қаватда яшайдиган қўшнисининг уйи полини ўққа тутади. У ушбу ўқ тасодифан отилиб кетганини айтади ва полиция унга нисбатан жиноий иш очмайди.

SHARE