Алишер Узоқов актёрлик фаолиятига якун ясайди

371557

Актёр Алишер Узоқов ўзининг актёрлик фаолиятига нуқта қўяди. У бу ҳақда “Гранд” радиоси “Файзли оқшом” дастурида айтиб ўтган.  Бу ҳақда «Даракчи» хабар тарқатди.

Бошловчининг “мухлислар нега Алишер киноларда кўринмай қолди, деб қизиқишяпти”, деган саволига актёр “Кўп чиқсам ҳам, кам кўринсам ҳам гапиришади. Лекин энди мен кинода роль ижро этмоқчи эмасман, бошқа ишлар билан шуғулланишни мақсад қилганман”, деб жавоб берди.

Алишернинг айтишича, ҳамма актёрнинг тақдири ҳар хил, кимдир бир умр кинода суратга тушса, бошқасига бор-йўғи бир-икки йил ижод қилиш насиб этади. Бироқ, у айнан нима сабабдан актёрликни тарк этмоқчи эканини очиқ гапирмади.

Алишер Узоқов нафақат кинодаги роллари, балки режиссёрлик билан ҳам шуғулланади. Айнан у суратга олган “Энди дадам бўйдоқ” картинаси M&TVA-2012да “Йилнинг энг яхши фильми” номинациясида бош мукофотни қўлга киритган.

Ўзбекистон ижтимоий тармоқ вакиллари ушбу хабарни турлича қабул қилишди. Масалан, Хушнудбек Худайбердиев ўз твиттерида «Ўзбек кино санъати учун қувончли хушхабар! Алишер Узоқов актёрликни тарк этишини маълум қилди. Раҳмат, сенга Алишер!» деб ёзади.

Сардорбек Юсупов исмли твиттер фойдаланувчиси эса шундай ёзади: МҚ (Миржалол Қосимов)ўз ўрнида қолади, деган хабардан хомуш тортиб қолган эдик, Узоқовнинг кинони тарк этиши эса хурсанд қилиб юборди.

SHARE