Ўзбекистон президенти октябрь ойида Латвияга ташриф буюради

    Uzbekistan_Latvia_flags_260912

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу йилнинг октябрь ойида Латвияга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев маълум қилган. Бу ҳақда UzDaily.uz хабар тарқатди.

    ЎзА хабарига кўра, икки давлат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми мунтазам ошмоқда. 2012 йилда бу кўрсаткич 243,2 миллион, жорий йилнинг январь-июнь ойларида эса 125,6 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистонда Латвия сармояси иштирокида тузилган 22 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар мебелсозлик, тўқимачилик, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефтни қайта ишлаш, полиграфия, логистика, улгуржи савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ихтисослашган. Юртимизда Болтиқбўйидаги ушбу мамлакатнинг 10 етакчи компанияси ўз ваколатхонасини очган.

    Тошкентда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия мажлисида Ўзбекистон ва Латвия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишдан, кенг кўламли савдо-иқтисодий, сармоявий ва илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Мамлакатлар транзит юк ташиш, илм-фан, сайёҳлик, стандартлаштириш каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.

    – Латвия Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди, – деди Латвия Республикаси иқтисодиёт вазирлигининг давлат котиби, комиссия ҳамраиси Юрис Пуце. – Ўзаро дўстона алоқалар мамлакатларимиз ҳамкорлигини изчил равнақ топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Сўнгги йилларда ҳамкорлик қамрови янада кенгаймоқда. Жумладан, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари, таълим каби соҳалардаги алоқалар фаоллашмоқда. Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий муносабатларни янада тараққий эттиришдан манфаатдормиз.