Нуқтаи-назар: Раҳима Ғаниева “синдроми”: бағрикенглик, ахлоқ ва дунёвий қадриятлар тўқнашуви

http://www.milliyet.com.tr/
http://www.milliyet.com.tr/

Август ойида Ўзбекистон сариқ матбуоти ва онлайн нашрлари Раҳима Ғаниеванинг “Дунё гўзали” халқаро гўзаллик танловидаги иштирокини жуда кенг ёритди. Биринчидан, шу пайтга қадар Ўзбекистон вакиласи бундай тадбирда иштирок этмагани, қолаверса, айнан Раҳима Ғаниеванинг шахси ушбу воқеага бўлган қизиқишни ошириб юборди. “Ватандош” ҳам мазкур ахборотни ўз ўқувчиларига тақдим этди: ўқувчиларимиз ўзбекистонликнинг ушбу танловда қатнашишини, тан олиш керак, жиддий қабул қилишди.  Негаки, Ўзбекистонда қизларнинг турли спорт машғулотлари, айниқса, гимнастика билан шуғулланиши рағбатлантирилса-да, бундай гўзаллик танловларида қатнашиши очиқчасига хушланмайди. Шарҳловчимиз Мурод Ғофуров Раҳима Ғаниеванинг ушбу танловда қатнашиши ва унга ҳамюртларимизнинг муносабатига ўз муносабатини оққа туширди. Сиз нима деб ўйлайсиз? Фикр билдиринг.

Раҳима Ғаниева аслида ким, қандай қилиб бу танловга аралашиб қолди? Бу ҳақида фикр юритмоқчи эмасман. Ўқувчиларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги изоҳлари, ушбу масалага муносабати масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратишга ундади.

Шуни қайд этиш керакки, ўқувчиларимизнинг катта қисми Ўзбекистон вакиласининг мазкур танловда қатнашишини кескин қоралади. Уларнинг бир қисми бу диний одатларимизга тўғри келмаслигини қайд этишган бўлса, яна бир қисми узоқ йиллар давомида шаклланган миллий қадриятларимиз ва менталитетимизга хос эмаслигини таъкидлашди. Айниқса, вакиламиз шаънига билдирилган турли кескин фикрлар кишини хаёлга чўмдиради.

Камина Ўзбекистон вакиласининг “Дунё гўзали” танловида қатнашиши қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини исботлаш, буни яхши ёки ёмон дейишдан йироқ. Аммо бизнинг ушбу қизнинг танлаган йўлига билдирган муносабатимиз жуда ҳам мубоҳасали.

Биринчидан, Ўзбекистонда давлат ва жамият дунёвий давлат тамойиллари асосида иш юритади, биз фикр ва муносабат билдираётганимизда айнан шу жиҳатларни унутиб қўямиз, гўё. Чунки дунёвий давлатда сиз ёки бизнинг урф-одатларимиз эмас, балки умуминсоний қадриятлар асос сифатида олинган.

Иккинчидан, Раҳима Ғаниева ўз олдига қўйган мақсад, яъни “Дунё гўзали” бўлиш орзуи Ўзбекистондаги ҳаёт ҳақиқатларидан шу даражада йироқ ҳодисами? Албатта, Раҳима Ғаниева ўзбекистонлик қизлар қўлидан келмайдиган, улар учун етти ёт бегона бирор катта ишга қўл ургани йўқ. Ўзбекистондаги шоу-бизнес ихтисослашган телеканалларни кузатадиган ҳамюртларимиз ҳеч иккиланмасдан айтиши мумкинки, Раҳима Ғаниева ўшалардан-да сенсация бўладиган бирор нарсани дунё жамоатчилигига кўрсатади, деб бўлмайди.

Учинчидан, биз дунёвий, қонун устувор бўлган, шахс ва инсон ҳуқуқи ҳамда манфаатлари олий қадрият сифатида тан олинган давлат қуряпмиз. Тўғри, Раҳима Ғаниева танлаган йўл кўпчилигимиз танлаган ҳаёт йўлига, қарашларимизга, эътиқодимиз талабига тўғри келмаслиги мумкин. Аммо бу биз уни камситишга, қўлимиз билан “бигиз” қилиб кўрсатишга, ёмонотлиқ қилишга ҳуқуқ бермайди. Бундай ҳаракатлардан тийилишимиз, бағрикенг бўлишимиз зарур. Биздек ҳаёт йўлини танламаган одамларни ёмонотлиқ қилиш, уларни қўйиб берса, жавобгарликка тортишгача ундаш, яъни тоқатсизлик қилиш яхши оқибатларга олиб келмайди.

Тўртинчидан, Ўзбекистон қонунчилиги шундоқ ҳам миллий қадриятлар ва диний эътиқодга кескин таъсир салбий кўрсатадиган хатти-ҳаракатларга нисбатан бирмунча қаттиқ. Лекин мана шу қонунларни бузмаётган одамни қоралаш, айниқса, унга нисбатан агрессив фикр билдириш — яхшилик аломати эмас. Фикр билдиринг: бундай ҳаёт йўли сиз учун номақбул эканлигини айтинг. Лекин бировга бу турмуш тарзини танлашига ҳалақит берманг, энг муҳими, фикрни ва қонунни ҳурмат қила билиш керак.

Албатта, оммавий маданият, ахлоқсиз жамият шаклланиши кўпчиликни ташвишга солади. Аммо буларнинг бари биз танлаган олий мақсадга, яъни демократия қадриятлари асосида жамият барпо этиш, фикр ва қонунга ҳурмат билан қарашимизга тўсқинлик қилмаслиги керак. Бағрикенг бўлайлик.

Бағрикенг халқнинг қадриятлари мустаҳкам ва боқий бўлади!

SHARE