Ўзбекистонда дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тузилади

bestsoft

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ахборот-коммуникация технологиялари учун халқаро стандартларга мос дастурий таъминот воситаларини республикада ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, сифатли, рақобатбардошли дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш юзасидан мамлакатимиз ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни кучайтириш, шунингдек, уларнинг маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда илдам силжитишга кўмаклашиш мақсадида Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тузилади.

Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри software.uz Интернет-порталида жойлаштирилган дастурий маҳсулотлар ва ишлаб чиқувчиларнинг миллий каталоги негизида яратилади.

Миллий реестр электрон шаклда он-лайн режимида юритилади;

ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва сотишдан олинган даромадлари улар сотган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда киритилади.

Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилар миллий реестрини юритишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари:

мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари тўғрисидаги ахборотнинг ягона электрон банкини яратиш ва истиқболли лойиҳаларни ҳамда инновацион компьютер технологияларини яратиш билан машғул бўлган истеъдодли ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаш;

миллий дастурий маҳсулотларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда мамлакатимизда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бозорининг ҳолати ва салоҳияти тўғрисида ахборот бериш;

ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли бўлган, сифатли миллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни рағбатлантириш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишнинг устувор йўналишларини белгилаш;

мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчиларининг манфаатларини ифодалаш, уларга ўз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда илдам силжитишда кўмак бериш.

Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестрини шакллантириш, юритиш ва янада ривожлантириш вазифалари Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси зиммасига юкланди.

Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар 2017 йилнинг 1 январига қадар муддатда барча турдаги солиқлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл фондига, бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технология ҳужжатлари, дастурий таъминот воситаларига бож тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинди.

Миллий реестрга киритилган юридик шахслар – дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар учун ушбу қарорда назарда тутилган солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати, агар уларнинг ўзлари ишлаб чиқарган дастурий таъминот воситаларини экспорт қилиш ҳажми улар сотган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ташкил этган тақдирда, 2 йилга узайтирилади.

Миллий реестрга киритилган юридик шахслар – дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ҳамда хизматларни Интернет тармоғининг он-лайн дўконлари орқали экспорт шартномаси мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

SHARE