Исоқ БАРАЕВ: “Америкага ўзбек нонини биринчи олиб кирганман”

sultan palace maqola

Барчамизга маълумки, бугунги кунда ўзбек тадбиркорлари ўзларининг ишбилармонлиги ва тижорат соҳасидаги билимлари билан дунё бозори мусобақасида бемалол ўз кучларини кўрсата олишади. Шу сабабдан ҳам улар ҳозирда нафақат ватанимизнинг ўзида, балки бутун дунё мамлакатларида фаолият юритишмоқда. Айнан АҚШнинг ўзида ана шундай тадбиркорларимиз кўпчиликни ташкил этишади.

Нега айнан АҚШда деган савол туғилиши мумкин. Жавоб жуда оддий. АҚШда ўз тадбиркорларимизга талаб кучли, аниқроқ қилиб айтганда ўз маҳсулотларимизга хоҳиш баланд. Айниқса, АҚШнинг Нью-Йорк штатида буни яққол сезиш мумкин. Ватандошларимиз сони қайси ҳудудда кенгайиб борар экан, уларда аввало миллий таомларга, миллий кийим кечакларга, миллий ошхоналарга нисбаттан талаблар келиб чиқади.

Айни пайтда Нью-Йоркда ўзбек ошхоналарини деярли ҳар жойда кўриш мумкин. Ҳар бирининг ўзига хос ажралиб турадиган томонлари, хизматлари ва хилма-хил маҳсулотлари мавжуд. Қизиғи, уларда таомларнинг қанчалик хилма-хил бўлишига қарамай, ҳар бирида ўзбек нонини топиш мумкин. Айнан шу ўринда, ўзбек нонини ким биринчи АҚШга олиб кирган экан ёки Американинг қайси тандирида биринчи ўзбек нони ёпилган экан деб ўйланиб қолдик. Ва ниҳоят ушбу инсонни бугунги сонимизда таништириб ўтишни лозим топдик.

Исоқ ака Бараев Самарқандда туғилган бўлса-да Тошкентда ўсгани сабаб ўзини тошкентликман деб таништиради. У киши Америкада биринчи ўзбек нонини олиб кирганини улкан фахр билан тилга олади. Яхшиси, бу ҳақида уларнинг ўзларидан эшитсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Исоқ ака, аввало ўзингиз ҳақингизда гапириб ўтсангиз?

— Мен санъаткорлар, аниқроғи доирачилар оиласида туғилиб ўсганман. Санъат билан улғайганман, десам ҳам бўлади. Оиламиздан Ўзбекистон халқ артисти Анвар Бараев, Ёқубжон Бараев каби машҳур санъаткорлар вояга етган. Шашмақом ансамблининг етакчи доирачилари ҳам бизнинг оилада кўп. “Ялла” гуруҳи ва Ботир Зокиров билан бир неча йиллар бирга ижод қилганмиз.

Санъатдан тадбиркорликка қандай кириб келгансиз?

— Тадбиркорлик бу менинг иккинчи ишим десам ҳам бўлади. Санъат билан ҳали ҳам шуғулланаман. Доирачилик бу энг севимли машғулотим. Тадбиркорликни ҳам бизнес мақсадида эмас, бу ердаги вазиятга қараб бошлаганман. АҚШда илк бор 80-йилларда Нью-Йоркка келиб қўнганман. Келганимда ўзбеклар сони бу ерда унчалик кўп бўлмаса ҳам лекин бирорта ўзбекча ошхона ёки ўзбекча нонини учратолмасди киши. Шунда ўйланиб қолганман, ўз миллий таомларимизга эҳтиёж сезсак қаерга мурожаат қиламиз, қайси новвойхонага қараб чопамиз деб. Охири, бу ишга ўзим қўл уришга бел боғладим. Шу мақсадда 1995-йилларда Нью-Йоркнинг Квинс шаҳрида “Ўзбекистон” номли ресторан очдим. Бу иш ўзбекларни америкаликларга танитишдаги илк қадамлардан бўлди деб ўйлайман.

—  Биринчи ўзбек нонини АҚШ маҳаллий аҳолиси қандай қабул қилишди?

—  Тўғрисини айтсам бу улар учун янгилик бўлди. Эсимда биринчи америкалик ошхонамизда кирганида олдига биринчи нон қўйганмиз. У бундай егуликни умрида кўрмаганини лекин мазаси бутун умр эсга қоларлилигини қувониб айтган эди. Нафақат нонимизни, балки бошқа миллий таомларимизни ҳам татиб кўриб улар ҳайратда қолишган.

—  Улардаги бу қизиқиш фаолиятингизга қандай таъсир этди?

—  Жуда катта таъсир кўрсатган. Энг аввало, уларнинг, юртдошларимзнинг миллийлигимизга бўлган қизиқиши менга туртки бўлган десам ҳам бўлади. Талабларга биноан, 1998 йилда Квинс шаҳрида Ўзбек Миллий маданият маркази (Uzbek Cultural Center) га асос солдим. Mарказ етакчилари билан миллий урф-одатларимизни, миллий байрамларимизни ўтказиб турардик. Mарказ АҚШнинг турли ҳудудларидаги ватандошларимизни бирлаштиришга ҳам катта хизмат кўрсатди. Бундан кейин эса 2001 йил Бруклин шаҳрида “Зарафшон” номли, 2005 йилда эса Квинс шаҳрида “Вечерний Ташкент” номли ресторанлар очишга муваффақ бўлдим. 2007 йилдан бери эса Ўзбекистондан турли қуруқ меваларни Америкадаги ҳамюртларимизга ва маҳаллий аҳолига етказиб турамиз.

—    Яқинда сиз очган “Sultan Palace” ресторани янги бўлишига қарамай анча тез оммалашди. Масалан Бруклинда деярли ҳамма билади десак ҳам бўлади. Бунинг сири нимада? 

—   Тўғри айтасиз, ресторанимизнинг очилганига уч ойгина бўлган бўлса ҳам, шукрки, анча мижозларга эгамиз. Бунга сабаб жуда кўп. Киши тадбиркорликка қўл урар экан, у соҳани, энг аввало, ўзи ўзлаштира олиши муҳим. Айниқса, ресторан очишда “хўжайин” эмас, балки ишчи бўлиб тижорат юритсагина, у муваффақиятга эришади. Қисқа қилиб айтганда, ҳамжиҳатлик жуда муҳим хислат. Қолаверса биринчи навбатда ресторанимизнинг таомномаси ва дизайнига жуда катта эътибор қаратганмиз. Ҳар бир таомнинг номи, тайёрлаш усули, унинг маҳсулотларини обдон ўйлаб киритганмиз. Дизайнни ҳам ўз ишининг устаси бўлган дизайнерлар маслаҳати билан яратганмиз. Ресторан деворининг ҳар бир бурчагида бир вилоятинг кўринишини тошда ўймакорлик билан тасвир этилан. Ҳаммаси бўлиб 12 та вилоятнинг тасвирини кўриш мумкин. Ёши катта онахон, отахонларимизга ҳам мослаштириб хонтахта, кўрпача, ёстиқларни Ўзбекистоннинг ўзидан олиб келиб қўйганмиз, уларнинг талабларига асосан мумтоз қўшиқлар жонли ижро этилади. Ҳар бир бурчакга миллий санъатимиз намуналарини учратиш мумкин.

—  “Sultan Palace” нинг хизматлари ҳақида эслатиб ўтсангиз?

— Ресторанимизда деярли барча ўзбек миллий таомлари мавжуд. Кўпчилигини таомномага кититган бўлсакда, унда учратмаган таомларни мижозларимиз талаб қилишса, буюртма беришса, албатта, етказиб берамиз. Ошхонамизда қўли моҳир ошпазлар, пазандалар хизмат қилишади. Айниқса, ош, кабоб, беш бармоқ, хонум, норин, чўзма ва уйғурча лағмон, қази, ва ҳасибларни маромига етказиб тайёрлаб беришади. Рестораннинг яна бир ажралиб турадиган томони шундаки, бизда ошхонанинг ўзда махсус тандирларда Сурхондарёдан келтирилган арча шохларидан тандир кабоб тайёрлашади. Ресторан 150 кишига мослашган бўлиб бугунги кунга қадар турли базмгоҳлар, маракаларни ўтказиб берамиз. Яқинда бир неча байрам тадбирлари, туғилган кун ва юбилейлар, никоҳ ва ақиқа тўйларини муваффақиятли ўтказиб бердик. Қолаверса, бизда ҳар куни жонли ижрода миллий ва эстрада қўшиқлари янграйди.

—   Янги тадбиркорларга қандай маслаҳат берар эдингиз? 

—  Энг асосий маслаҳатим, биринчи навбатда молиявий натижани кўзламасдан асосан мижоз талабини қондиришнинг унумли, янги йўлларига эътибор қаратишсин, масалан миллийчилигимиз уйғунлигида, миллий санъатимиз уйғунлигида. Кейин янги, кам тажрибали тижоратчиларга дарров шахсий бизнесга қўл уришларини маслаҳат бермаган бўлар эдим. Улар учун жуда оддий кўринган бу жараён аслида жуда мураккаб кечиши мумкин. Шунинг учун, аввало, тажрибали тадбиркорлар билан ишлаб, улардан ўрганишсин, керакли билимга эга бўлишсин. Бу энг катта нарса. Ишбилармон ва билимли тадбиркор албатта муваффақиятга эришади!

Нилуфар САЛИМОВА суҳбатлашди.