Франция Қуролли кучлари вакиллари Тошкентда маъруза қилди

    2013-09-17 12.36.11

    Жорий йил 16-20 сентябрь кунлари Франция Қуролли кучлари Тиббий хизмати мутахассислари Ўзбекистонда бўлди. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик доирасида амалга оширилган.

    Франциялик ҳарбий мутахассислар Тошкент тиббиёт академиясининг Ҳарбий-тиббиёт факультети курсантлари ва ҳарбий-тиббий ходимлари учун маърузалар ўқиди.

    Франция Қуролли кучлари вакиллари Тошкент тиббиёт академиясининг Ҳарбий-тиббиёт факультети бошлиғи, полковник Р. Собиров томонидан қабул қилинди. Мулоқот асносида франциялик мутахассислар Франция Қуролли кучлари Тиббий хизматининг ташкил этилиши ва фаолияти хусусида атрофлича маълумот берди.

    Франция элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, ўз йўналишида илк бор амалга оширилган мазкур ташриф Ўзбекистон ва Франция Қуролли кучлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлида навбатдаги қадам саналади.

    Сўнгги йилларда Франция ва Ўзбекистон ўртасида мудофаа соҳасида юқори даражада делегациялар алмашуви йўлга қўйилмоқда. 2012 йилнинг 16 июлида Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиевнинг таклифига кўра Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан Тошкентга келганди. Ташриф давомида Франция Мудофаа вазири Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашганди. Суҳбат чоғи Жан-Ив Ле Дриан Афғонистон ва минтақавий хавфсизлик масаласига алоҳида  тўхталган, шунингдек, Франция ва Ўзбекистон ўртасида бошқа соҳалар қатори ҳарбий жабҳада ҳам ҳамкорлик ривожланишига ишонч билдирганди.

    Эслатиб ўтамиз, 2012 йили Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузурида мудофаа масалалари бўйича миссия таъсис этилган. Франция Мудофаа вазири буйруғи билан ташкил қилинган миссия икки мамлакат ҳарбий ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади.  Мудофаа ишлари бўйича миссиянинг очилиши Афғонистондан француз қўшинларининг олиб чиқилишида муҳим аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳоланган.

    SHARE