Абдулазиз Комилов БМТ Бош Ассамблеясининг 68-сессиясида қатнашиш учун Нью-Йоркка келди

    Сурат БМТ янгиликлар марказига тегишли
    Сурат БМТ янгиликлар марказига тегишли

    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 68-сессиясида қатнашиш учун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Нью-Йоркка етиб келди.

    Шуни қайд этиш керакки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 68-сессиясида қатнашиш учун 90 дан ортиқ мамлакат раҳбари, 50 га яқин бош вазирлар ҳамда шунча ташқи ишлар вазирлари ташриф буюришган.

    Жорий йилги саммитнинг асосий мавзулари 2015 йилдан кейинги глобал тараққиёт ҳамда Суриядаги фуқаролар уруши билан боғлиқ масалалардир.

    68-сессия раиси сифатида Жон Уильям Эш сайланган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Дилёр Ҳакимов 68-сессия раиси ўринбосари этиб тайинланган. У раис бўлмаган ҳолларда ялпи мажлисларни бошқариб боради.

    Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Марказий Осиёда экологик муаммолар, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш ҳамда Афғонистон ва бошқа мавзуларда Ўзбекистон позициясини илгари суради.