Сурияда фуқаролар уруши: Ким ким билан уришмоқда?

de50-movil
Nour Fourat/Reuters

Мана, икки йилдирки, Сурияда фуқаролар уруши давом этмоқда. Албатта, халқаро ҳамжамият бу урушни фуқаролар уруши сифатида тан олса-да, Сурия ҳукумати мазкур можарони “терроризмга қарши уруш” сифатида талқин қилади. БМТга маълумотларига кўра, уруш 100 минг нафардан ортиқ кишининг умрига зомин бўлди, қанча бола отасиз, боқувчисиз қолди. Аммо шу нарса ҳам борки, мазкур можарода ким ким билан урушаётгани, нима мақсадда тортишаётгани жуда ҳам чигал. Шунинг учун айрим саволларга жавоб бериш талаб қилинади. “Русский репортер” журнали ушбу саволларга жавоб излайди.

 Биринчи савол: Сурияликлар нега уришишмоқда?

Башар Ассад vs Сурия озодлик армияси

 Мамлакатда истиқомат қиладиган мусулмонларнинг 80 фоиздан ортиғи суннитлар ҳисобланишади. Аммо давлатни неча йилки алавитлар бошқариб келади. Башар Ассад оиласи ҳам айнан шу йўналиш вакиллари ҳисобланади. “Араб баҳори” натижасида юзага келган беқарорлик айнан кўпчилик аҳоли вакилларини ташкил қиладиган суннитларнинг “Сурия озодлик армияси”га бирлашишига замин яратди. Башар Ассадга қарши чиқаётганларни Форс курфазидаги қиролликлар ҳамда Фаластиндаги “Хамас” ташкилоти қўллаб-қувватлайди. Ассадни эса Эрон, Ливандаги “Ҳизболло” ташкилоти қўллаб-қувватламоқда.

 Башар Ассад vs “Ал-Қоида”

 Сурия озодлик армиясидан ташқари, Башар Ассадга қарши радикал кайфиятдаги тузилмалар ҳам кураш олиб бормоқда. “Довла Исломийя Ирақ ва Шом”, “Лива ат-Тавҳид”, “Фронт ан-Нусра” сингари гуруҳлар шулар жумласидан бўлиб, улар “Ал-Қоида”нинг маҳаллий тармоқлари ҳисобланишади ёки ҳеч бўлмаганда ўзларини ана шундай эълон қилишган. Шуни қайд этиш керакки, сўнгги пайтларда Башар Ассадга қарши курашаётган гуруҳлар ўртасида ҳам ҳарбий можаролар кечмоқда. Бу ҳам “арзимаган тушунмовчилик”дан келиб чиқди. Гап шундаки, 12 июль куни радикал мусулмонлар вакиллари Сурия озодлик армияси қўмондонларидан бири Камол Ҳамом ва унинг укасини ўлдирашади, Сурия озодлик армияси уларнинг ҳудудига даъво қилмаслиги учун яна ўлдиришда давом этишларини қайд этишди.

Иккинчи савол: Сурияда Америкаликларга пишириб қўйибдими?

 Аввало, АҚШнинг Сурияга уруш нияти пул билан боғлиқ масала ҳисобланади. Гап шундаки, 2011 йилда Пентагон ўзининг бешта пудратчиси — Lockheed Martin, Boeing, General Dynamics, Raytheon ва Northrop Grumman билан 100 миллиард долларлик шартнома имзолаган. Бизнес бундай сахийликка ҳам муносиб жавоб бериши лозим. Шунинг учун ҳам 2009-2011 йилларда истеъфога чиқарилган 108 нафар 3-4 юлдузли АҚШ қуролли кучлари генерал ва адмиралларидан 76 нафари ушбу пудратчи компанияларда ишга жойлашишди.

Геосиёсат

 Қолаверса, Сурия масаласининг у ёки бу куч фойдасига ҳал этилиши минтақадаги давлатларнинг обрўсини ҳам белгилаб беради. Дейлик, Саудия, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Фаластиндаги “Хамас” ҳаракати айнан Башар Ассад режими қулашини истаётган бўлса, Эрон, “Ҳизболло” уни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, Барак Обама Сурия можаросидан ўз мақсади йўлида фойдаланишни ният қилган. Гап шундаки, республикачилар партияси Обамани Эрон ва Сурияга нисбатан “юмшоқкўнгиллик” қилаётганликда айблаб келади. Обама Сурияга нисбатан урушга тайёр эканлигини айтиб, бундай қарорни Конгресс орқали тасдиқлатиб олмоқчи бўлди. Аммо унинг бу ташаббуси республикачиларни “эсанкиратиб” қўйди. Обама маъмурияти урушга кирса ҳам, кирмаса ҳам республикачилар устидан маънавий ғалабага эришган эди.

Учинчи савол: Россиянинг қандай манфаатлари бор?

 Сурия сингари давлатлар Россия қурол экспорти учун асосий мамлакатлардан ҳисобланади. Россия қурол-яроғ экспортининг 10 фоизи айнан Сурия ҳиссасига тўғри келиши буни тасдиқлайди. Аммо Сурия Россия билан янги шартномалар имзолаётган бўлса-да, унга ўз вақтида тўловни амалга оширяпти, деб бўлмайди. Негаки, охирги тўлов 2006 йилда амалга оширилган. Унгача Россия Суриянинг 10 миллиард долларлик қарзини ҳисобдан чиқариб ташлаган эди. Қолаверса, Яқин Шарқда Сурия Россиянинг энг яқин иттифоқчиларидан ҳисобланади. Бундан ташқари, Россия учун Сурия масаласи халқаро миқёсда ўз нуфузини тиклаб олиш ва сақлаб қолиш учун ҳам айни муддаодир. Чунки 2012 йилда ўтказилган ижтимоий сўровларда респондентларнинг 67 фоизи Путин президентлигининг учинчи муддатидан мамлакат ташқи сиёсатини мустаҳкамлашни кутишини маълум қилган.

SHARE