Она тилимизнинг нодир жилоси

24851_3371

Сўз таъмини ҳис қила олсангиз, маз-за!.. Хусусан, аждодларимиздан мерос қадимий иборалар маъносини туйқус англаб қолсангиз, ҳайратингиз ошгандан ошаверади.

Уйимизга олис шаҳарда яшовчи бир аёл келди. Сипо кийинган, сочини турмаклаган… У аёл момом билан узоқ суҳбатлашиб ўтирди. Момом ҳам меҳмоннинг иззатини ўрнига қўйиб кузатди. Меҳмон кетганидан сўнг момом, ўша аёлга таъриф бериб:

– Бошини Ултоннинг капасидай қилиб келибди, –деди.

Ултон – “Алпомиш” достонидаги  ёқимсиз бир қаҳрамон. Капа эса… Ўтов! Шундай қилиб, момом сочини баланд қилиб турмаклаб, рўмол ёпинмай юрган аёлнинг бошини ёмон одамнинг ўтовига менгзади. Зеро, момом тенгилар пахта эгатлари орасида ҳам ёпиниб юришган. Шу боис ўзбекларга хос назокат ила, рўмолсиз аёлга бир оғиз сўз билан мана шундай таъриф берган эди.

“Ултоннинг капасидай”. Бор-йўғи иккита сўз-а! Шундай чоғларда сўзнинг қудратига яна бир бор тасанно айтасиз. Аҳамият берсангиз, юзлаб, минглаб бундай кўп маъноли ибораларга дуч келаверасиз.

Ҳар нарсанинг уволи бор, дейдилар. Бу гап сўзга ҳам дахлдор, деб ўйлайман. Сўз қадрига етганлар эса уни ҳамиша таъсирчан қилиб ишлата оладилар.

Кези келганда таъкидлаш керакки замонавий ўзбек киноси ижодкорлари ва эстрада хонандаларининг баъзи ижод намуналарни кўриб, тинглаб, тилимизнинг бузиб ишлатилатилаётганидан дилимиз хуфтон бўлади. Ижодкорларимиз қўшиқ куйлашадими ёки кино яратишадими, бундан қатъи назар, матн танлаётганларида сўз уволи ҳақда жиддий ўйлаб кўрсалар, айниқса, киноларимизда кулгули гапларгина эмас, моҳиятни англатувчи залворли сўзларни ишлатсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунинг учун, албатта, тилимизни яхши билишимиз керак. Бу бироз эриш туюлар, аммо баъзиларимиз ўз она тилимизни яхши билмаймиз…

Ёзувчиларнинг Дўрмон “Ижод” уйида бўлиб ўтган ёш ижодкорлар семинарида улуғ шоиримиз Абдулла Орипов:

– Дантенинг “Илоҳий комедияси”ни таржима қилганимдан сўнг шоирнинг юртига бордим. Италиялик бир гуруҳ ижодкорлар менга, Дантени таржима қилишга ўзбек тилининг қуввати етдими, қабилида савол беришди. Улар ўзбек тилини билишмайди. Қандай тушинтираман?.. Бироз ўйланиб қолдим. Сўнг шамолни она тилимизда нечта ном билан аташса, уларнинг барини бирма-бир санадим… Улар тилимизнинг салоҳиятини англаб етишди, – деган эди.

Дарҳақиқат, бой ва гўзал тилимиз бор. Унинг қадрига етиш ва янаям бойитиш ҳар биримизнинг нафақат буюк вазифамиз, балки, бурчимиздир.

                                                               Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ.

“Истиқлол қуёши” газетасидан олинди.

SHARE