Туробжон Жўраев Қашқадарёда “носоғлом муҳит”ни шакллантиргани учун лавозимидан озод қилинган

    Қашқадарё вилояти янги ҳокими Зафар Рўзиев © uza.uz, argo.uz – kun.uz коллажи
    Қашқадарё вилояти янги ҳокими Зафар Рўзиев © uza.uz, argo.uz – kun.uz коллажи

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 15-банди ва 102-моддасига мувофиқ, Туробжон Икромович Жўраев Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этган. Бу ҳақдаги тегишли фармон ЎзА сайтида эълон қилинди.

    Президент фармонига кўра, Зафар Шаропович Рўзиев Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимига тайинланган. У бунгача Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири сифатида иш юритиб келаётган эди.

    Газета.uz’нинг  «Ахборот» кўрсатувига таяниб хабар беришича, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашган Ислом Каримов «ҳар бир ишда муваффақиятга эришиш раҳбарга боғлиқ, у ёлғиз ҳеч нарсага эриша олмаслигини тушуниши керак»лигини айтиб ўтган.

    Президентнинг фикрича, одамларнинг ишончини қозониш, уларнинг муаммоларига қулоқ тутиш осон эмас. Ана шу жиҳатдан Қашқадарё вилоятида носоғлом муҳит шаклланган. Айнан шу муаммолар боис Туробжон Жўраев ўз лавозимидан озод қилинган.

    Kun.uz’нинг ёзишича, 1964 йилда туғилган Зафар Рўзиев Ўзбекистон Президентининг 2009 йил 30 декабрдаги Фармонига асосан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига раҳбар этиб тайинланган эди. Бунгача у Президентнинг кадрлар масаласи бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими лавозимларида иш олиб борган.

    Туробжон Жўраев 2011 йил 30 ноябрь куни Президент фармони билан Нуриддин Зайниев ўрнига ҳоким этиб тайинланган эди.