Бухоро яҳудийлари: “Хорижда Бухородагидек меҳр-оқибат, самимият, қардошлик туйғулари йўқ»

buxoro-city

Лабиҳовуз меъморий мажмуига туташ кўчалар мавзеи туб аҳоли томонидан “Маҳалла” деб аталиб, илгари бу ерда асосан Бухоро яҳудийлари истиқомат қилишарди. Асрлар давомида ўзбеклар, тожиклар билан тинч-тотув яшаб келган бу миллат вакиллари мақомхон ҳофиз, моҳир шифокор, қўли гул бичувчи-тикувчи, уста сартарош ва бошқа касб эгалари сифатида танилган эдилар.

“Бухоронома” газетасининг ёзишича, аммо шўролар тарихида “Қайта қуриш даври” деб ном олган ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ Иттифоқда юз берган иқтисодий ва сиёсий инқирозлар оқибатида озиқ-овқат, хўжалик моллари ва кийим-кечак дўконлари пештахталари ҳамда залларининг бўшаб қолгани, ун, шакар, ёғ, совун ва бошқа биринчи эҳтиёж молларини карточка билан олиш учун навбатда туриш каби нохуш ҳоллар кўплар қатори Бухоро яҳудийларини ҳам ташвишга солди. Айни шу кезларда сионистик доираларнинг бир давлатга бирлашиш даъвати билан яҳудийларнинг Исроилга эмиграцияси авж олди. Уларга эргашиб, аждодлари юрти Исроилга, шунингдек, АҚШга кўчиб кетганлар орасида анчагина Бухоро яҳудийлари ҳам бор эди.

Собиқ юртдошларимиз — Бухоро яҳудийларида ўзлари туғилиб-ўсган заминни зиёрат қилиш истаги туғилган. Уларнинг бу истак-хоҳишларини қондириш мақсадида Исроил ва АҚШдаги “Бухоро” фонд­лари Ўзбекистон ва Исроил туристик ташкилотлари кўмагида Бухоро яҳудийларининг мамлакатга саёҳатини йўлга қўйган. Ҳар йили бу давлатлардан 30-40 нафар саё­ҳатчи Тошкент, Самарқанд ва Бухорода бўлиб, болалик ва ёшлик йиллари ўтган шаҳарларни томоша қилмоқда.

— Мен туғилиб ўсган Бухорои шарифдаги ўзгаришларни кўриб, кўзларимга ишонмай қолдим, — дейди Исроилдаги “Бухоро” фонди президенти Илья Қандов. — Яҳудийлар яшаган тор ва зах кўчалар қайта қурилиб, бу жойларда кўркам ва қулай меҳмонхоналар, сервис хизмати корхоналари барпо этилибди. Ҳозир Бухорода яшаётган миллатдошларимиз тоат-ибодатларини ва диний маросим­ларини ўтказишлари учун 2 та синагоганинг хизмат кўрсатаётгани, уларнинг фарзандлари алоҳида мак­табгача таълим муассасаси ва умумий таълим мактабига қатнаётгани, Бухоро яҳудийлари миллий-маданий маркази фаоллари эса қадимий урф-одатларимиз ва анъаналаримиздан ёшларни хабардор қилиш баробарида Ўзбекистонда кенг нишонланадиган Наврўз ва Мустақиллик байрамларида фаол иштирок этаётганидан беҳад хурсанд бўлдим.

—Бухорода яшаганимда энг обрўли ташкилотлардан бири—вилоят матлубот союзининг хўжалик базасида бош ҳисобчи бўлиб ишлардим, — дейди АҚШ фуқароси Григорий Исҳақов. — Ўша кезлар даромадим яхши бўлса ҳам енгил автомашина сотиб олишга қурбим етмасди.

— Ота-боболаримизнинг хоки поки қўйилган яҳудийлар қабристони Бухоронинг қоқ марказидаги обод зиёратгоҳга айлантирилгани учун вилоят ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарларига алоҳида миннатдорлик билдиришни истар эдим, — исроиллик тадбиркор Амнун Шамсиев. —  Бу ердан Исроил ёки Америкага борган яҳудийлар ёмон яшашмаяпти. Уларнинг бир қисми ўз бизнесини йўлга қўйгани боис дурустгина сармояга ҳам эга. Аммо хорижда Бухородагидек меҳр-оқибат, самимият, қардошлик туй­ғулари йўқ. Ҳамма ўз иши, ташвиши билан овора. Шунинг учун ҳам Бухоро булбули—Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нишон Отамуродовдек санъаткорлар тўйларимизга хизмат қилгани хорижга бориб, Шашмақом тароналарини ёхуд Мавриги қўшиқларини куйлай бошлаши билан собиқ бухороликларнинг қалбида улар туғилиб-ўсган юрт соғинчи туйғулари жўш уриб, кўзларида ёш қалқийди.