Абдулазиз КОМИЛОВ: «Роғун ва Қамбарота-1 ГЭСлари БМТ шафелигида холис халқаро экспертизадан ўтказилиши зарур»

БМТ Янгиликлар маркази
БМТ Янгиликлар маркази

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 68-сессиясида нутқ сўзлаб, Оролбўйида табиий-экологик тизимни ҳимоя қилишга чорлаб, манфаатдор давлатлар билан келишмасдан трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида гидроиншоотлар қуришга йўл қўйиб бўлмаслигини айтиб ўтди. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази хабар тарқатди.

Вазир, шунингдек, Афғонистондан НАТО шафелигидаги Халқаро хавфсизлик кучларининг чиқиб кетиши оқибатида минтақада терроризм янада фаоллашиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

«Минтақавий ва глобал хавфсизликка таҳдид солаётган жиддий хавфлардан бири Афғонистонда 30 йилдан ортиқ давом этаётган уруш бўлиб қолмоқда. Афғонистондаги бугунги вазият, кўплаб экспертларнинг фикрича, ноаниқ ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф туғдирмоқда», деди Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарининг фикрича, бундай шароитларда 2014 йилда халқаро хавфсизлик кучларининг олиб чиқилиши мамлакатда қарама-қаршиликнинг кучайишига, терроризм, экстремизм, наркотрафикнинг фаоллашувига, минтақалараро қарама-қаршилик чуқурлашишига олиб келади. Вазир Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан яхши қўшничилик, ички ишларга аралашмаслик тамойилларига асосланган очиқ, аниқ сиёсат олиб бораётганини айтиб ўтди.

Абдулазиз Комилов янги глобал тараққиёт концепциясини ишлаб чиқиш ҳақида фикр юритиб, Ўзбекистон экологик хавфсизлик масаласига катта урғу бераётганини айтиб ўтди. У шу муносабат билан Орол фожеасига эътиборни қаратди.

«Янги тарихдаги энг йирик глобал экологик ҳалокатлардан бири Орол денгизининг йўқ бўлиб кетаётганидир. Йилдан-йилга шу нарса аниқ бўлмоқдаки, Оролнинг қуриши, биринчи навбатда, атроф табиий муҳитга, ижтимоий-иқтисодий ҳолатга, аҳоли соғлиғи ва генофондига салбий таъсири ҳалокатли ва тўғрилаб бўлмайдиган кўлам касб этмоқда», деди вазир жаноблари.

У бугун сўз Орол бўйида сақланиб қолган табиий-экологик тизимнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш, одамлар яшаши учун энг минимум шароитларни яратиш, мавжуд флора ва фаунани сақлаб қолиш ҳақида кетаётганини айтиб ўтди.

«Фурсатдан фойдаланиб, халқаро донорларни Оролнинг қуриши оқибатларини бартараф этиш ва Орол бўйида экотизим ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга оширишга кўмаклашишга чорлайман», деди Абдулазиз Комилов.

Абдулазиз Комилов ўз нутқида Марказий Осиёнинг икки йирик трансчегаравий дарёси — Амударё ва Сирдарё сувларидан оқилона фойдаланиш масаласига эътибор қаратди. «Айнан шунинг учун ҳам Тожикистон ва Қирғизистоннинг йирик тўғонли янги улкан ГЭСларни, хусусан, Амударёнинг юқори оқимида 350 метр баландликдаги тўғонли Роғун ГЭСи ва Сирдарёнинг юқори оқимида 275 метр баланд тўғонга эга Қамбарота ГЭС-1ни қуриш режалари бизни хавотирлантирмасдан қўймайди», деди вазир.

Абдулазиз Комиловнинг экспертлар фикрига таяниб айтишича, бундай ёндашув дарёларнинг табиий оқими бузилишига ҳамда ўта хавфли экологик ва социал-иқтисодий оқибатларга олиб келади.

Вазир трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида манфаатдор мамлакатлар билан келишмаган ҳолда гидроэнергетик иншоотларни қуришга йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этди. Абдулазиз Комилов янги гидроиншоотларнинг дарёлар табиий оқимига, атроф муҳитга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эҳтимолий таъсирини баҳолаш учун БМТ шафелигида Роғун ва Қамбарота-1 ГЭСларини холис халқаро экспертизадан ўтказиш зарурлигини қатъий таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов нутқининг тўлиқ матни вазирлик сайтида жойлаштирилган.