Башар Ассад БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига буйсунишини айтди

Mideast-Syria_Horo-51-635x357

Сурия президенти Башар Ассад БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурия кимёвий қуролларини йўқ қилиш бўйича резолюциясини амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди. Бу ҳақда у Италиянинг “RaiNews24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.

— Биз кимёвий қуролга эгалик қилиш ва ундан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги халқаро битимга резолюция кучга киргунга қадар қўшилганмиз, — деди у.

Башар Ассад кимёвий қурол ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш ва уларни йўқ қилиш жараёнини енгиллаштириш биринчи галдаги вазифа эканлигини, аммо айрим “техник муамммолар” борлигини айтиб ўтди.

Президентнинг сўзларига кўра, баъзи кимёвий қурол сақланадиган омборларга “террористлар хавфи юқори бўлган шароитда” бориб бўлмаслигини таъкидлади.

Башар Ассад, шунингдек, агар Сурия халқи шуни истаса, ўз лавозимидан кетиши мумкинлигини айтиб ўтди. Аммо бу 2014 йилги сайловларга қадар юз бермайди. “Тўфон пайтида кема ташлаб кетилмайди, уни қирғоққа олиб келиш лозим”, деди президент.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси 28 сентябрь куни барча аъзолар томонидан бир овозда маъқулланган. Резолюцияга кўра, агар Сурия ҳукумати унинг талабларини бажармаса, жиддий санкция чоралари қўлланилади. Аммо у ҳеч қандай ҳарбий аралашувни кўзда тутмайди. Ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш учун алоҳида резолюция керак бўлади.

Резолюцияда, шунингдек, Башар Ассад ва мухолифат тинчлик музокараларини бошлаши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.