Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг биринчи гуруҳи Ҳажга жўнаб кетишди

    qadriyat.uz
    qadriyat.uz

    27 сентябрь куни 255 кишидан иборат ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Тошкентдан Мадина шаҳрига йўл олди. Газета.uzнинг хабар беришича, шу куннинг ўзида худди шунча киши иккинчи рейс билан Саудияга йўл олди

    Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати хабар беришича, жорий йилнинг 27 сентябрь — 8 октябрь кунлари ўзбекистонлик 5200 нафар зиёратчини (зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун ишчи, тиббий ва ошпазлар гуруҳлари) “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Тошкент—Мадина, Бухоро—Мадина, Наманган—Мадина, Самарқанд—Мадина, Термиз—Мадина, Урганч—Мадина ҳамда Қарши—Мадина йўналишларида ҳаж сафарига жўнатиш режалаштирилмоқда.

    Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

    Ҳаж мавсумини тартибли ташкил этиш мақсадида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарлари билан суҳбатлар ўтказилди. Зиёратчиларга сафардан олдин Давлат рамзи туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, “Ҳажнома” китобчаси ва видеотасмалар тақдим этилди.

    Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида миненгит ва гриппга қарши зардоб билан эмланди. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

    Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий”дан 15 метр масофада жойлашган “Аброж ат-Тоййиба” меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 4500-5000 метр узоқликдаги тўрт буржли 5200 сиғимга эга “Солиҳийя” меҳмонхонаси тайёрланган.

    Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча – 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар. Уларга мавсум давомида ўзбекистонлик 30 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 30 нафар шифокор ва 10 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

    Зиёратчилар учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевиденияси дастурларини томоша қилиш, мамлакатда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари яратилган.

    Жорий йилнинг ноябр ойи давомида ўзбекистонлик ҳожиларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси самолётларида Жидда—Тошкент, Жидда—Бухоро, Жидда—Наманган, Жидда—Самарқанд, Жидда—Термиз, Жидда—Урганч ҳамда Жидда—Қарши йўналишлари бўйича Ватанга олиб келиш режалаштирилган.

    SHARE