Михаил ЗАДОРНОВ: Наргиз сингари иқтидорлар ҳар бир халқда бор

28759_original

Машҳур россиялик кулгу устаси, сатирист Михаил Задорнов ўз блогида ўтган ҳафта “Биринчи” каналнинг “Голос” лойиҳасида асли ўзбекистонлик бўлган Наргиз Закированинг чиқишига юқори баҳо берди.

“Тасодифан “Голос” лойиҳасида Наргиз Закированинг чиқишини кўриб қолдим. Албатта, мамлакатда таълим, фан, соғлиқни сақлаш билан шундай муаммолар юз бериб турганда, шоу-бизнесимизни муҳокама қилиш жуда майда нарса. Аммо Наргизни эшитар экансан, бу фикрлар ўз-ўзидан хаёлингга келади”, дейди Задорнов.

Қизиқчи савол қўяди: “Хўш, нега бошқа дастурларда чиқишидан сўнг бирданига қоқ тунда уйни йиғиштиришга киришишга ёки бир вагон кўмирни юклашга қувват берадиган Наргиз каби “ёндирадиганлар йўқ?” Задорновга кўра, Наргиз ҳатто “Чаёнлар” (Scorpions)дан кўра яхшироқ ижро этди.

Шундан сўнг Задорнов рус эстрадасида нега айнан Наргизга ўхшаган талантлар, иқтидорлиги йўқлиги билан қизиқади. Фақат қадди-қомати, узундан-узун оёқ кийимлари билан телеэкранлардан тушмаётган “артистча”лардан ёзғиради.

“Бизни, телетомошабинларни телепродюсерлар ғалча деб ўйлашади. Нега мамлакатимиздаги аёл зотининг барчаси Стас Михайловга “жинни бўлишган?” Ваҳоланки, унинг барча қўшиқлари битта мазмунда-ку: биринчи қисми: “Мен сенсиз”; иккинчи қисми: “Сен менсиз”…”

“Кимки ҳалигача Наргизнинг ижросини кўрмаган бўлса, тавсия қиламан, кўришсин, афсус чекмайсиз. Томоша қилинг, дўстларингизга тавсия қилинг. Айтганча, ютубда Наргиз ижросидаги лирик қўшиқлар ҳам жойлаштирилган. Кўриниб турибди, у майин лирик тароналарни ҳам куйлай оларкан, овози бутунлай ўзгарар экан, ҳар гал янги нафосат кашф этаркан. Энергия, тембр, харизма — ҳаддан ташқари жунбушга келтирадиган қувват. Артист! Биз бу сўзнинг маъносини ёддан чиқариб қўйганмиз”, давом этади Задорнов.

Сатиристга кўра, Наргиз сингари иқтидорлар ҳар бир халқда бор. Россияда ҳам улар. Фақат улар учун курашиш керак.