“Хитойликлар ўзларининг шундай имижини яратдики, улар нафақат сахий шерик, балки ҳеч кимга “амри маъруф” ўқимайди”

Giant Panda Bear Atlanta Zoo Panda

Франциянинг “Le Huffington Post” газетасида Дидье Шоденинг “Хитойнинг Марказий Осиёдаги сиёсати: Ғарб ва Москва қандай муносабат билдиради?” мақоласи эълон қилинди. Унда муаллиф Хитой Халқ Раиси Си Цзиньпиннинг Марказий Осиё сафари ҳақида мушоҳада юритилади. ИноСМИда чоп этилган ушбу мақоланинг айрим жиҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Майли, Парижда айримлар учун сал ғалати туюлмасин, бутун дунёни фақат Сурия муаммоси хавотирга солаётгани йўқ. Йирик мамлакатлар янги сиёсий йўналишни белгилаб олишмоқда, уларнинг қарашлари Яқин Шарқдан бошқа нуқталарга қаратилган. Улар европаликларнинг қайсар, лекин хато ёндашуви билан иккинчи даражали минтақа бўлган ҳудудларга ҳам қизиқиш билдиришмоқда. Айнан шунинг учун ҳам Си Цзиньпиннинг 3-13 сентябрь кунлари (орада, яъни 5-6 сентябрь кунлари Санкт-Петербургда катта йигирматлик саммитида қатнашди) Марказий Осиё сафари Европа мамлакатларининг диққатини жалб қилиши керак эди. Алал-оқибат, Марказий Осиё ўзининг бой нефть ва газ захиралари, шунингдек, Россия, Хитой, Афғонистон ва Эрон ўртасидаги қулай геосиёсий ҳудудда жойлашганини билан мақтана олади. Айнан шунинг ўзи ҳам ушбу минтақага ОАВ даражасида қизиқиш билдиришни талаб қилар эди.

Камида Хитой раҳбарининг Марказий Осиё сафари Пекиннинг минтақада таъсири кенгайиб бораётганининг яққол тасдиғидир. Си Цзиньпин Марказий Осиёнинг тўртта мамлакатига сафар қилди: Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон.

132690651_21n

Хитой раҳбари Туркманистон сафари чоғида ўз позициясини бирмунча мустаҳкамлаб олди. Хитой “Галкиниш” газ конини ўзлаштириш лойиҳасига 6 миллиард доллар йўналтиришга келишиб олди. Шуни айтиш керакки, ушбу газ кони дунёда газ захираси бўйича 2-ўринда туради. 2020 йилга келиб ушбу ҳудудда йилига 65 миллиард куб газни экспорт қиладиган газ қувури ётқизилади. Ушбу рақамни олдинги битимлардаги рақамларга солиштирганда, у сезиларли даражада ўсганига гувоҳ бўлиш мумкин, чунки дастлабки битимларда йилига 40 миллиард куб метр газ экспорти ҳақида гап борар эди. Шундай қилиб, Хитой Туркманистонга Россиянинг шу пайтга қадар шаклланган таъсирини бирмунча камайтириш имкониятини берди. Бугунги кунда Туркманистон Россиядан кўра кўпроқ Хитойга газ сотмоқда.

132701224_11n

Хитой раҳбарининг Қозоғистонга ташрифи доирасида суҳбат асосан нефть билан боғлиқ масалада хусусида бўлди. Хитойнинг Каспий денгизидаги “Кашаган” нефть конини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этиши расман тасдиқланди. Умуман, Хитой раҳбарининг Қозоғистонга ташрифи ушбу мамлакатнинг қозоқ нефть соҳасида таъсири ўсганлигини кўрсатди. Бугунга келиб икки мамлакат қўшма корхоналари Қозоғистонда нефть қазиб олишнинг 22 фоизини назорат қилмоқда. Умуман, Қозоғистон ва Хитой энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги сингари соҳаларда жами 22,5 миллиард долларга тенг 22 битимни имзолади. Бу битимлар Пекин ва Остона ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлади. Ҳозирда Хитой Қозоғистоннинг асосий савдо шеригига айланди, бунда Россия иккинчи ўринга тушиб қолди. Ушбу мамлакатдан келаётган янгиликлар Париж ва Брюсселнинг эътиборини жалб қилмоғи керак. Чунки бугунги кунда Қозоғистон нефтининг 72 фоизи айнан Европа Иттифоқига экспорт қилинади.

Қозоғистон расмийларининг позицияси ҳам тушунарли: Хитой тегишли миқдорда қарз бера оладиган ишончли иқтисодий шерикдир. Мисол учун, 2009 йили Хитой Қозоғистон банк тизимини қутқариб қолган эди. Ўшанда Хитой ҳукумати Қозоғистон тараққиёт банкига 3,8 миллиард евро ажратиб берганди. Қолаверса, молиявий ёрдам ҳеч қандай сиёсий талабларсиз, инсон ҳуқуқига оид гап-сўзларсиз кўрсатилмоқда. Хитойликлар ўзларига шундай имиж яратдики, улар нафақат сахий шерик, балки ҳеч кимга “амри маъруф” ўқимайди.

132704906_11n

Хитойнинг Ўзбекистондаги (8-10 сентябрь кунлари) энергетика манфаатлари Қозоғистон ёки Туркманистонга қараганда бирмунча кам, аммо унинг аҳамиятини инкор қилиб бўлмайди. Масалан, Хитой ва Ўзбекистон нефть, газ ва уран ресурсларини ўзлаштиришга оид лойиҳалар учун 11 миллиард евролик битимларни имзолашди. Агар Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига 2002-2012 йилларда “бор-йўғи” 4,5 миллиард доллар инвестиция йўналтирганини ҳисобга оладиган бўлсак,  бу жиддий “сакрашдир”.  Лекин, нима бўлганда ҳам, Тошкентни иккиламчи шерик сифатида кўриш ярашмайди. Гап шундаки, Ўзбекистон тарихан Марказий Осиёнинг Хитойга ишонмаслиги тимсоли бўлиб келган.

Қолаверса, Ўзбекистон минтақада ўз етакчилиги ҳақида гапиришга қодир бўлган Марказий Осиёдаги ягона давлат бўлиб, унинг демографик, сиёсий ва геосиёсий жойлашувини инкор қилиб бўлмайди. Чунки Ўзбекистон ҳудудини айланиб, газ қувури ётқизиш ёки товарларни олиб ўтиш жуда муаммолидир. Шунинг учун ҳам Хитой ҳукуматининг Ўзбекистонни стратегик шерик сифатида кўришига ажабланмаслик лозим. Қолаверса, Хитой расмий Тошкентнинг ички ишларига аралашишни умуман хаёлига келтирмайди. Ўзбекистон ҳам Хитойнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини ва тан олишини мунтазам таъкидлаб келади.

132712301_11n

Ва ниҳоят, Қирғизистон. Юқорида номлари зикр этилган давлатлар билан солиштирганда, ушбу мамлакат у даражада катта аҳамиятга эга, дейишдан йироқмиз. Унинг энергетика тармоғи анча кучсиз. Шунга қарамасдан, Хитойнинг ушбу мамлакат иқтисодиётига ажратган кредит ва инвестицияси ҳажми 2,25 миллиард долларни ташкил қилди. Албатта, булар шунчаки хайрия маблағлари эмас. Уларнинг ярми Туркманистондан келадиган газ қувури қурилишига сарфланади. Бундан ташқари, ушбу маблағлар Қирғизистон икки масалада Хитойни қўллаб-қувватлашини англатади: Тайвань ороли ва Шиньжон автоном ҳудуди мустақиллигини тан олмайди. Шу билан бирга, Хитой ўз маблағлари орқали Қирғизистон ҳудудида уйғурлар озодлиги ёки Америкапараст фаолият билан шуғулланишларининг олдини олган бўлади. Чунки айрим Қирғизистон расмийларига кўра, 2005-2006 йилларда Америка уйғурларга қарата сепаратизм руҳидаги тарғибот материалларини тарқатган. Гарчи буни исботлашнинг иложи бўлмаса-да, Хитой ана шундай далилларга ҳам панжа ортидан қараш нияти йўқ.

Хўш, Россия Хитойнинг бундай сиёсатига қандай муносабат билдиради? Россия Марказий Осиёнинг ўз доирасидаги ҳудуд сифатида кўриб келади. Лекин у Хитойнинг иқтисодий экспансиясига кескин қаршилик кўрсата олмайди. Боисики, Россия, аввало, Хитой каби катта молиявий дастакларга эга эмас,  қолаверса, ўзининг тарихий таъсирини бузиш нияти ҳам йўқ. Боз устига, Си Цзиньпин ўз лавозимига расман киришгандан сўнг айнан Россияга илк ташқи давлат ташрифи билан келиб, ўз муносабатини яққол намоён этди. Албатта, Россия Хитойга кўп ҳам ишонч билан қарайди, дейишдан йироқмиз. Аммо Россия дипломатик нуқтаи назардан ҳам, иқтисодий нуқтаи назардан кучли Хитойга муҳтож. Икки мамлакатнинг халқаро масалалар бўйича муносабати ҳам қарийб бир хил. Масалан, Шимолий Корея, Эрон ва Сурия масаласида уларнинг позицияларини олиб қарайлик. Ягона фарқи шундаки, Москва ўз позицияси ҳақида баландроқ гапирса, Хитой секинроқ сўз очади. Қолаверса, икки давлат шу йилнинг июл ойида ўтказган ҳарбий машғулотлар ҳам уларнинг ўзаро муносабатини кўрсатиб турибди. Шу билан бир қаторда, Россия Европага йўналтирилаётган нефть ва газ оқими барқарор эмаслигини яхши тушунади, бундай шароитда йирик энергетика истеъмолчиси — Хитойга суяниш айни муддаодир. Масалан, жорий йилнинг июнь ойида “Роснефть” Хитой билан қарийб 200 миллиард долларлик шартнома имзолагани ҳам бежизга эмас. Бундай шароитда Россия Хитойнинг Марказий Осиёдаги саъй-ҳаракатини жиддий таҳдид сифатида қабул қилмаётган бўлиши мумкин.