2015 йил учун Green Card лотереяси эълон қилинди

green-card

АҚШ давлат департаменти 2015 йил «Турли миллат вакиллари учун иммиграция визалари – DV» (Green Card) лотереясига рўйхатга олиш даври 2013 йил 1 октябрдан 2013 йил 2 ноябргача жамоат учун очиқ бўлишини эълон қилди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий сайти хабар тарқатди.

Ҳар йили АҚШ ҳукумати АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар – DV» дастури орқали 50000 та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади. Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.

Мурожаатчилар DV Лотереясига 2013 йил 1 октябрь, сешанба куни,Тошкент вақти билан соат 21:00дан бошлаб рўйхатдан ўтишлари мумкин. Рўйхатга олиш даври 2013 йил 2 ноябрь, шанба куни, Тошкент вақти билан 21:00да тугайди. Барча аризалар электрон равишда рўйхатга олиш даврида http://www.dvlottery.state.gov/ саҳифаси орқали топширилиши шарт ва DV лотереясига ариза бериш учун ҳеч қандай ҳақ олинмайди. Мурожаат этувчиларга аризаларини топшириш учун рўйхатга олиш даврининг сўнгги ҳафтасигача кутмаслик тавсия этилади. Дунё бўйича талабнинг ўта юқорилиги Интернет саҳифаси ишининг секинлашувига олиб келиши мумкин.

2013 йил 2 ноябрь соат 21:00 дан кейин бирорта ҳам ариза қабул қилинмайди.

2014 йил, 1 майдан бошлаб, қатнашчилар ўзларининг аризалари рўйхатга олинганини тасдиқловчи варақларидан фойдаланиб, Давлат Департаментининг Интернет саҳифасида иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларига ўтиш учун танланган ёки танланмаганликлари ҳақида  маълумотларни билиб олишлари мумкин. Мурожаатчиларга ўз тасдиқлов варақларини принтерда чоп этиб олишни ва 2015 йил 30 сентябрга қадар, улар лотереяда ғолиб бўлган ёки бўлмаганликларидан қатъий назар, сақлаб қўйишлари лозимлигини эслатиб ўтамиз.

DV Лотереясининг талабларига жавоб бериш учун мурожаат этувчи ушбу лотереяда қатнашиши мумкин бўлган давлатлардан бири, шу жумладан, Ўзбекистондан бўлиши ва ўрта мактаб даражасига тенг маълумотга эга бўлиши керак. Ариза топшириш ва талабларга жавоб беришга оид қўшимча маълумот АҚШ Давлат Департаментинингhttp://www.travel.state.gov/visa/immigrants/types/types_1318.htmlсаҳифасида эълон қилинган «2015 йил DV Лотереяси Йўриқномаси»дан олиниши мумкин.

Гарчи кўплаб компаниялар «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар» лотереясига ариза топшириш бўйича ўз хизматларини таклиф этсалар ҳам, уларнинг хизматларидан фойдаланиш шахснинг лотереяда ғолиб бўлиш эҳтимоллигини ҳеч қайси йўл билан оширмаслигини маълум қиламиз. Баъзи ҳолларда эса, айрим фирмалар ғолиблардан катта миқдорда пул талаб қилишади ёки товламачилик билан шуғулланишади.  Шуни ҳам унутмангки, DV Лотереясида ғолиб бўлган шахс АҚШ Элчихонаси ёки Консуллик Бўлимига ўз виза суҳбати учун келгунига қадар, АҚШ Давлат Департаменти мазкур дастур бўйича ҳеч қандай тўловлар олмайди. Дастур қатнашчиларига виза суҳбатига келишдан аввал «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар» дастури бўйича тўловлар амалга оширишни сўраб йўлланган ҳар қандай хат ёки эълонлар фирибгарлар иши бўлиб, бундай хат-хабарларга ишонмаслик керак.

SHARE