Биньямин Нетаняҳу: “Ҳасан Руҳоний қўй терисига яширинган бўридир”

442658133

Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу халқаро ҳамжамиятни Эроннинг янги раҳбарияти билан муносабатларни ўрнатишда эҳтиёткор бўлишга чақирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган Исроил давлати ҳукумати раҳбари яқинда сайланган Ҳасан Руҳонийни “қўй терисига яширинган бўри” сифатида таърифлаган.

Нетаняҳунинг сўзларига кўра, Исроил давлати, мабодо ушбу масалада ёлғиз қолиб кетса ҳам, Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймайди. Унинг бу сўзларини расмий Теҳрон “ҳаддан ташқари ғаламислик” деб баҳолади.

Шуни қайд этиш керакки, охирги пайтларда Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар жуда яқинлик касб этмоқда. Мисол учун, Барак Обама ва Ҳасаг Руҳоний ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди — бу 1979 йилдан бери икки давлат раҳбарларининг илк мулоқотидир.

Шундай бўлса-да, Барак Обама душанба куни Биньямин Нетаняҳу билан мулоқоти чоғида Эрон ядровий дастури бўйича куч ишлатиш мумкинлигини инкор қилмаган.

Эрон ташқи ишлар вазири Жавад Зариф Обамани икки давлат ўртасидаги мулоқотларда “сиёсий ўйин”ни амалга ошираётганликда айблади.

Исроил ҳукумати раҳбари БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлар экан, ядровий қуролга эга бўлган Эрон Исроил келажаги учун жиддий таҳдид эканлигини қайд этиб, ушбу мамлакатга нисбатан санкцияларни сақлаб қолишга чақирган.  Унинг сўзларига кўра, Руҳоний Аҳмадинажод сингари бир мақсад йўлида ҳаракат қилмоқда. “Аҳмадинажод бўри қиёфасидаги бўри эди, Руҳоний эса қўй терисини ёпиниб олган бўридир”, деди у, жумладан.

Ҳасан Руҳоний ўз ҳукуматининг ядровий қурол яратиш режасини қатъий инкор қилаётган бўлса-да, Нетаняҳу бунга ишонмаслигини айтди: “Руҳонийга ишонишни истардим, аммо ишона олмайман”.

Унинг сўзига кўра, Руҳоний бутун дунёни лаққа туширмоқчи. Сўнгги маълмотларга кўра, шу йилнинг 15 октябрь куни Женевада Эрон ядровий дастури бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади.