“Обамада стратегия, республикачиларда эса муаммо бор”

congress-meets-government-shutdown-looms-20130930-133303-510

АҚШ президенти Барак Обама Малайзияга давлат ташрифини айнан ҳукумат фаолияти учун бюджетдан маблағ ажратилиши тўхтатилгани боис бекор қилди. BBCнинг хабар беришича, АҚШ конгрессининг икки палатаси (Вакиллар палатасида республикачилар, Сенатда демократлар кўпчилик овозга эга) мамлакат бюджети бўйича ягона тўхтамга кела олмаяпти. Малайзия бош вазири Туна Раззоқийга кўра, Америка тарафдан расмий учрашувларда АҚШ давлат котиби Жон Керри иштирок этади.

Шуни қайд этиш керакки, сешанба кунидан бери бир қатор федерал давлат идоралари парламент аъзоларининг “қайсарликлари” боис ўз фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлишмоқда. Агар Конгресс ҳукумат фаолиятин молиялаштириш бўйича ягона келишувга эриша олмаса, 700 минг нафардан ортиқ федерал ҳукумат идоралари хизматчилари ҳақ тўланмайдиган таътилда бўлиб туришади, шунингдек, бир қатор давлат хизматлари, яъни виза ва паспорт бериш ҳам тўхтатиб турилади.

Малайзия ҳукумати тарқатган хабарда келтирилишича, Барак Обама шахсан ўзи қўнғироқ қилиб, унинг ўрнига Жон Керри ташриф буюришини маълум қилган. Агар Обама Малайзияга ташриф буюрганида, ушбу мамлакатга 1966 йилда Линдон Жонсондан сўнг келган илк америкалик президент бўлар эди. Обама шанба куни Малайзия, Бруней, Индонезия ва Филиппинга давлат ташрифи билан бориши керак эди, аммо бошқа давлатларга ҳам расмий сафарнинг тақдири ҳам номаълум.  Умуман, бу Обаманинг Осиё мамлакатларига ташрифини бекор қилаётган учинчи ҳолатдир. 2010 йилда Мексика кўрфазида нефть сизиб чиқиши ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид қонуннинг Конгрессда илк овоз қўйилиши муносабати билан ҳам ўз ташрифларини ортга суришга мажбур бўлган эди.

АҚШ ҳукумати сешанба оқшомидан у даражада муҳим бўлмаган соҳаларда ўз фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Шуни айтиш керак, АҚШда ҳисобот йили 1 октябрдан бошланади. Янги бюджет қабул қилингунга қадар, хусусан, Смитсон институти ва унинг музейлари, Вашингтондаги миллий боғ ва зоопарклар ёпилади, фахрийларга пенсия ва нафақаларни бериш кечиктирилади, юқорида қайд этилганидек, виза ва паспорт бўйича мурожаатлар қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди. Шунингдек, пойтахтда коммунал хизматлар ҳам ўз фаолиятини тўхтатади.

Фақатгина ҳарбийлар оиласи тегишли тўловларни белгиланган тартибда олишда давом этади.

Барак Обама ушбу ҳолат бўйича республикачилар партиясини айблаб, улар “ўзларига ёқмаган бир ислоҳот”га қарши “ғоявий салб юриши”ни амалга ошираётганини қайд этди. “Республикачилар миллионлаб америкаликлар учун бепул тиббий суғурта тизимига қарши бошланган ғоявий  салб юриши туфайли ҳукумат фаолиятини фалаж қилиб ташлади”, деди президент.

Кўпчилик кўз ўнгида ёмонотлиқ бўлиб қолишни истамаган республикачилар бюджет ташкилотларини қисман молиялаштиришга оид режасини ишлаб чиқишди, аммо бу Оқ уй томонидан рад қилинди. Шундай бўлса-да, республикачилар янги музокараларга чақиришмоқда. Вакиллар палатаси спикери Жон Байнернинг матбуот котиби Оқ уйнинг позициясини “чидаб бўлмайдиган иккиюзламачилик” деб атади.

Сўнгги сўровларга кўра, америкаликлар республикачилар қўллаётган стратегияни қўллаб-қувватлашга тайёр эмас. Чунончи, сўровда иштирок этганларнинг 72 фоизи Конгресс АҚШ ҳукумати фаолиятини тўхтатишга оид ҳаракатини қўллаб-қувватламаслигини айтиб ўтган.

Шуни қайд этиш керакки, Барак Обаманинг соғлиқ сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид ислоҳоти 2010 йилда қабул қилинган бўлиб, жорий йилнинг 1 октябридан кучга кирди. Ушбу қонун Олий судда ҳам кўриб чиқилди ва Конституцияга зид эмас, деб топилди. Қолаверса, 2012 йилги сайловолди кампанияда ҳам бу қонун жиддий муҳокама қилинди. Қонун барча америкаликлар тиббий суғуртага эга бўлишини талаб қилади, агар кимдадир бундай суғурта бўлмаса, жарима солиниши мумкин.

Яна бир муаммо ҳам борки, шу йилнинг 17 октябрь федерал ҳукуматнинг қарз олиш бўйича ўрнатилган энг юқори чекловнинг охирги муддати ҳисобланади. Бу ҳам республикачилар қўлидаги муҳим дастаклардан ҳисобланади. Чунки улар учун Обама қарз миқдорини ошириш учун қўшимча ён беришларга бориши лозим бўлади.

    Фаолияти тўхтатиладиган ёки қисман ўзгарадиган марказий давлат идоралари:

  • АҚШ давлат департаменти маълум вақт ўз фаолиятини давом эттира олади;
  • Мудофаа вазирлиги ҳарбий амалиётларни давом эттиради;
  • Таълим вазирлиги давлат мактабларига 22 миллиард доллар ажратиб бериши мумкин, аммо ишлайдиган ходимлар сони кескин қисқаради;
  • Энергетика вазирлиги 12700 нафар ходимни ҳақ тўланмайдиган таътилга юборади, 1113 нафари эса ядровий арсеналларни кузатишга жалб қилинади;
  • Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги ўз ходимларининг қарийб ярмини уйига юборади;
  • АҚШ Федерал захира тизими (Марказий банки), Ички хавфсизлик, Адлия вазирликлари фаолиятида қарийб ўзгариш бўлмайди;
  • АҚШ почта хизмати одатдаги тартибда ишлашда давом этади;
  • Смитсон институти, унинг музейлари, Озодлик ҳайкали ва кўплаб миллий боғлар ёпилади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Барак Обаманинг барча саъй-ҳаракати замирида стратегик мақсад ётибди, яъни республикачилар партиясини кўпчилик олдида ёмонотлиқ қилиш ва шу орқали нафақат янги бюджетни тасдиқлатиб олмоқчи, балки янги қарз олиш бўйича уларнинг рухсатини олишга уринмоқда. У бунда соғлиқни сақлаш ислоҳотларини ортга қайтармоқчи эмас. ББСнинг ёзишича, “Обамада стратегия, республикачиларда эса муаммо бор”. Республикачиларнинг ҳозирги ҳолатдаги ҳар қандай “инсоний” ҳаракатлари америкаликлар учун аҳамиятли бўлиб кўринмайди.