Шамоллаш ва тумовдан сақланиш йўллари

62

Халқ тилида тумов, шамоллаш деб аталадиган касалликлар юқори нафас йўл­ларининг ўткир респиратор вирусли инфекциялари авлодига мансуб бўлиб, касаллик чақирувчиси вируслар ҳисобланади. Вируслар турига қараб грипп, парагрипп, аденовирус, ретровирус, реовирус ҳам­да респиратор синсациал вирус номлари билан тавсифланади. Ўзбекистонда вирусли инфекциялардан ҳисобланган грипп кўпроқ учрайди. Шамоллаш ва кучли йўталлар ҳам ана шу грипп касаллиги белгиларидир.

Ҳар қандай юқумли касал­лик йил фасллари билан боғ­лиқ. Куз, қиш ва баҳор ойлари касалликнинг динамик кўтарилиш давридир. Ушбу мавсумларда касалликнинг ортишига ҳа­во ҳароратининг паса­йиши, ўзгарувчанлиги сабаб бўлади.

Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач Нуриддин Тошбоевнинг “Ўзбекистон овози” газетасида ёзишича, шамоллаш ва грипп — та­на ҳароратининг кўтарилиши ва юқори нафас йўл­ларининг яллиғланиши билан кечадиган ўткир юқумли вирусли касаллик бў­либ, ҳаво томчиси йўли билан юқади. Жуда тез тарқа­лади. Бемор гапирганда, йўталганда, аксирганда вирус ҳавога чиқади ва шу ҳаводан нафас олган соғ­лом киши ҳам касалликка чалиниши мумкин. Шунинг­дек, бемор фойдаланган дастрўмол, сочиқ, ўйинчоқ ва бошқа маиший буюмлар ҳам унинг тарқалиш манбадир. Ҳа­во ҳарорати ўзгарувчан ҳо­зирги пайтда очиқ ҳавода ёки деразаларни очиқ ҳолатда қолдириб ухлаш касалликка мойиллик яратади.

Касаллик эт увушиши, та­на ҳароратининг кўтарили­ши, бош­да ва мушакларда оғ­­риқ пайдо бўлиши билан бош­ланади. Кейинчалик танг­лай муртакларининг қизариши, бош айланиши, кўнгил айни­ши, уйқу­нинг бузилиши, бу­рун битиши ва оғриқли йўтал ку­затилади. Гриппнинг оддий шамоллаш касаллигидан фар­қи шундаки, шамоллашга қар­ши ишлатиладиган антибиотиклар гриппга таъсир қилмайди. Бундай пайтда шифо­кор кўриги ва тавсияси керак бўлади.

Баъзилар грипп касаллигига етарли даражада эътибор бермасдан, оёқда ўтказади ёки шифокор тавсиясига амал қилмай ҳар хил турдаги дори воситалари, ай­ниқса, антибиотикларни нотўғри қўллайди. Оқибатда вируснинг чидамлилиги ортишига сабабчи бўлади. Натижада, ўпка тўқимасининг яллиғланиши (зотилжам), мия пардасининг яллиғланиши (менингит), ўр­та қулоқ­нинг яллиғланиши (отит), бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши (синусит), буйракнинг яллиғланиши (нефрит, пиелонефрит) каби оғир асоратлар юзага келиши кузатилади. Шунинг учун грипп аломатлари пайдо бўлаётган бўл­са, дарҳол оилавий поликлиникалар, ҚВП ва юқумли касалликлар шифохоналарида фаолият юритаётган шифокорларга мурожаат қилиш ёки уйга чақириб, уларнинг тавсияларини олиш талаб этила­ди.

Грипп касаллигининг мав­сумий авж олишидан аввал аҳоли орасида эмлаш ишларини ўтказиш яхши натижа беради. Вакцина грипп­нинг юқи­шидан ҳимояловчи са­марали восита ҳисобланади. Эмланган аҳолида бир-бир ярим йилгача грипп касаллигига қарши имму­нитет пайдо бўлади ва ушбу турдаги касалликлар юқ­майди.

Шамоллаш ва гриппдан сақланиш учун қуйидаги тав­сияларга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди.

Эпидемик жиҳатдан муҳим бўлган ишлаб чиқариш корхоналари, даволаш-профилактика ва ўқув-тарбия муас­сасалари, коммунал-маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда жамоат транспорт­ларида ишловчи ходимлар грипп эпидемияси даврида ниқоб тақишлари ва улар­ни ҳар 3-4 соатда алмаштириб туришлари зарур.

Яшаш хоналарини вақти-вақти билан шамоллатиш, исириқ тутатиш тавсия этилади. Исириқ таркибидаги гармалин моддаси вирусни нейтраллаш хусусиятига эга.

Соғлом инсон бурун кавакларига оксалин мазидан суриб юрса, грипп юқишининг олдини олишда яхши самара беради.

Ҳар бир шахс кун ва иш режи­мига риоя қилиш, ҳа­ракатли машқлар, сув муолажалари билан танани мунтазам равишда чиниқ­тириш, тўғри овқатланиш, мав­сумга мос кийинишга риоя қилиши зарур.

Мева ва сабзавотлардан кўпроқ истеъмол қилиб туриш фойдали.

Грипп билан касалланган беморларга ва соғлом инсонларга суюқликлар (малина, смородина, лимон ва асал қўшилган чой, иссиқ сут, наъ­матак дамламаси) ичиш тавсия этилади. Уларнинг таркибида С витамини мавжуд. С витамини қонда лимфоцитлар сонини кўпайтириб, қон-томир деворларининг ўтказувчан­лигини яхшилайди ва вирусларнинг қонга тушишини олдини олади.

SHARE