Наргиз Закирова ижросидаги “Still Loving You” қўшиғи афсонавий «Scorpions» гуруҳи асосчисига маъқул тушган

b362a01f8c44ef446074a34429ab4e52

Афсонавий «Scorpions» гуруҳи асосчиси Рудольф Шенкер ўз композициясининг Наргиз Закирова ижросида шу даражада яхши чиққанлигидан ҳайратланиб, уни ҳатто ўзининг Facebook’даги саҳифасида ҳам улашди, деб ёзади Россия оммавий ахборот воситалари.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг “Биринчи” каналида “Голос” лойиҳаси шу йилнинг 6 сентябридан старт олди. Умуман, ушбу лойиҳада қатнашиш учун 11 мингта мурожаат бўлган бўлса, улардан 150 нафари танлаб олинган. Эътиборли жиҳати, улар орасида асли ўзбекистонлик бўлган, 1995 йилда Нью-Йоркка кўчиб ўтган Наргис Зокированинг чиқиши кўпчиликка манзур бўлди. У “Stilllovingyou” қўшиғини куйлади.

Шенкернинг ўзи Наргизнинг ижросини изоҳламаган бўлса-да, унинг ижросидаги қўшиқни Facebook’даги саҳифасида бошқалар билан улашган. “Буни юз фоизлик “Лайк” сифатида баҳолаш мумкин”, деб ёзади “Подробно” янгиликлар агентлиги.

Маълум бўлишича, Наргизнинг буваси Ўзбекистон ССР халқ артисти Карим Зокиров, тоғаси эса Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировдир.  “Биринчи” канал вакилларига кўра, иштирокчилар Наргиз Зокированинг ижросида ўзларини худди рок-концертга тушиб қолгандек ҳис қилишган.

Шак-шубҳасиз, Наргиз профессионал ижрочи. Унинг тажрибасига кўплаб рус эстрадаси вакиллари ҳавас билан қараши мумкин. Ижро техникаси ҳақида гапириш ортиқча: бу ерда ҳаммаси мукаммал. Овози эса умуман бошқа масала”, деб ёзади телеканал сайти.

Наргиз Зокирова ўз ижроси билан барча жюри вакилларини ўзига қарата олди. Наргизнинг айтишича, у ҳеч қандай субмаданиятга аъзо эмас. “Мен бундай кўринишим ва татуировкага қарамасдан ҳамма қатори одамман, йиғлайман, куламан, яхши одам бўла оламан, баъзан қаҳри қаттиқман”, деди Наргизнинг ўзи.

Россиялик сатирист Михайил Задорнов эса “Кимки ҳалигача Наргизнинг ижросини кўрмаган бўлса, тавсия қиламан, кўришсин, афсус чекмайсиз. Томоша қилинг, дўстларингизга тавсия қилинг”, деб ёзади.