Ихоталанган Марказий Осиё: қўшнидан қочаётган қўшнилар

UZB southern city of Qarshi K2

Сентябрь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий семинарда ўзбекистонлик эксперт Олег Столповский Марказий Осиё транспорт интеграциясини жадаллаштириш лозимлигини уқтиради. Олимнинг маърузаси мазкур анжуманнинг ахборот ҳамкори «Регнум» ахборот агентлиги сайтида чоп қилинди.

Ўзбекистоннинг географик жойлашувининг жозибадор жиҳати шундаки, мамлакатда ривожланган транспорт коммуникация тизими мавжуд.

Экспертнинг маърузасида қайд этилишича, Ўзбекистон темир йўлларининг узунлиги 6,7 минг километрни ташкил қилади, уларнинг аксарият қисми электрлаштирилган. Мамлакатдаги автомобиль йўлларининг 80 фоиздан ортиғи қаттиқ қопламага эга. Мустақиллик йилларида мамлакатда 3,7 минг километр йўл барпо қилинган ва тўлиқ қайта таъмирланган.  Ҳозирги кунда мамлакат транспорт тизими юк ташувларда ички талабни қондирмоқда. Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий амалиётида қуйидаги йўналишларда коридорлардан фойдаланилимоқда:

  • Болтиқбўйи давлатларининг Клайпеда (Литва), Рига, Лиепая, Вентспилс (Латвия) , Таллин (Эстония) портлари;
  • Белорусь ва Украина (Чоп ва Брест чегара постлари) орқали Европа мамлакатларига;
  • Украинанинг Ильичевск порти орқали Қора денгизга;
  • Шарқий йўналишда Хитой орқали Сариқ денгизга, шунингдек, Находка ва Владивосток портларидан фойдаланилмоқда.

Юқорида қайд этилган барча портларга Россия ва Қозоғистон орқали чиқилади.

  • Грузиянинг Поти ва Батуми портлари орқали Қора денгизга (Туркманистон ва Озарбойжон орқали транзит). ТРАСЕКА
  • Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали Форс кўрфазига (Туркманистон ва Қозоғистон орқали);

Олег Столповскийга кўра, Марказий Осиёнинг Евроосиё континенти доирасида географик ёпиқлиги Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг янада ўсишига ҳамда мамлакатнинг халқаро иқтисодий алоқаларга кенгмиқёсли интеграциясига жиддий қийинчиликларни туғдирмоқда. Шу боис ҳам Ўзбекистон ҳукумати учун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини амалга оширишнинг амалдаги анъанавий транспорт йўлакларига муқобил йўлларни топиш, яъни транспорт коммуникация тизимини диверсификация қилиш ҳамда денгизга чиқишнинг энг қисқа йўлларини топишга қаратилмоқда.

Ўзбекистон ҳозирги кунда «Трансафғон» корридори хусусида бош қотирмоқда. Агар ушбу лойиҳа амалга ошириладиган бўлса, Эроннинг Бандар-Аббос, Чахбеҳар, шунингдек, Покистоннинг Гвадар портларига чиқиш имконияти кенгаяди. «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК «Ҳайратон — Мозори Шариф» темир йўл участкасида темир йўл қуриш лойиҳасини амалга оширди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу йўлнинг юк ташиш ҳажми йилига 7 миллион тоннани ташкил қилади, истиқболда уни 20 миллион тоннага етказиш мумкин. Сўнгги маълумотларга кўра, истиқболда умумий узунлиги 2 минг километр бўлган «Мазори Шариф — Ҳирот» йўналишида ва ундан сўнг Эрон орқали темир йўлни барпо этиш мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон учун Афғонистон орқали Эрон ва Покистон денгиз портларига чиқиш амалдаги Қора денгиз ва Болтиқ денгизи портларидан кўра 2-3, Тинч океанидаги портлардан эса қарийб 5 баравар қисқаради. «Трансафғон» лойиҳасининг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикасининг минтақадаги муҳим логистика маркази сифатида мавқеини мустаҳкамлайди.

Яна бир муҳим йўналиш — Хитойнинг Шиньжон уйғур автоном туманига ва ундан сўнг унинг денгизбўйи шаҳарларига олиб борадиган транспорт йўлагидир. 90-йилларнинг охиридан Ўзбекистон «Хитой — Қирғизистон — Туркманистон» темир йўл лойиҳасига катта қизиқиш билдириб келади.  Ўзбекистонлик экспертга кўра, гарчи ушбу лойиҳага катта қизиқиш билдирилаётган бўлса-да, унинг истиқболи ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда ушбу йўналишда газ қувурлари қурилиб, Хитойга газ экспорт қилиш фаол амалга оширилмоқда. Дейлик, шу пайтга қадар «Туркманистон — Ўзбекистон—Қозоғистон — Хитой» газ қувурининг иккита тармоғи фаолиятига йўлга қўйилган бўлса, учинчиси қуриш босқичида турибди. Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида йилига 30 миллиард метр куб газ ўтказиш қувватига эга бўлган қувурнинг тўртинчи тармоғини қуришга оид битим имзоланган.

Экспертнинг фикрича, турли йўналишларда транспорт корридорларининг йўлга қўйилиши, яъни транспорт-коммуникация тизимининг диверсификация қилиниши Ўзбекистон миллий манфаатларини илгари суришнинг муҳим жиҳати бўлиб, унинг у ёки бу давлатлар таъсирида қолиб кетмаслигини кафолатлайди.

Ўзбекистон гарчи мамлакат ичида транспорт-коммуникация тизимини яратган бўлса-да, ташқарида бу борада кенг миқёсли тадбирларни олиб бориш имконияти жуда паст.

Афсуски, жанубий йўналишда транспорт корридорларини ривожлантиришга Афғонистондаги қалтис вазият ҳалақит бермоқда. Қолаверса, Афғонистондаги вазият билан боғлиқ ҳолда юзага келаётган наркотрафик, диний фундаментализм ҳамда терроризм хавфи ҳам бугун-эрта ҳал бўладиган масала эмас.

Қолаверса, Марказий Осиё  мамлакатлари ўртасидаги муносабатлардаги муаммоларни ҳам инкор қилиб бўлмайди. Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан мураккаб ҳамда муаммоли икки томонлама муносабатлари шарқий йўналишда транспорт корридорларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Умуман, Марказий Осиёдаги ҳозирги вазиятга баҳо бериладиган бўлса, транспорт-коммуникация соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик жуда самарасиз бўлиб қолмоқда. Мавжуд муаммолар қаторида Марказий Осиёнинг иқтисодий-географик изоляцияда экани, қолаверса, минтақавий интеграциянинг йўқлиги ҳам муаммони чуқурлаштирмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари минтақанинг иқтисодий, географик ихоталаниб қолганини бартараф этишга қаратилган келишилган ҳамда мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар олиб бормаяпти, балки билиб-билмай, ўзаро муносабатларни чигаллаштириш орқали изоляциянинг янада чуқурлашишига хизмат қилишмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари қисқа муддатли фойдани кўзлаб, қолаверса, ўзининг узоқ муддатли ва қўшниларнинг манфаатларини ўйламасдан ўз ҳудуди орқали юк ташувлари учун нархларни оширмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир давлат бир-биридан «транспорт мустақиллиги»ни таъминлашга интилмоқда. Масалан, ўз транспорт хавфсизлигини таъминлаш мақсадида айримлар истисносиз қўшимча ички темир йўл ва автомобиль йўлларини барпо этмоқда, оқибатда трансчегаравий юк ташиш ҳажми қисқармоқда.

Қолаверса, Марказий Осиё минтақаси ташқи кучлар учун ҳам рақобат маконига айланиб олмоқда. Марказий Осиёдаги турли ташаббуслар ташқи таъсирларга қарши туриш сифатида баҳоланмоқда. Бу, айниқса, минтақа учун турли институтларни ташкил қилиш ёки қайта ташкил қилиш, турли ташкилотлар тузишда, турли лойиҳа ва концепциялар ишлаб чиқишда намоён бўлмоқда.

Мазкур рақобатнинг марказида, қоидага кўра, минтақанинг бой минерал ресурсини ўзлаштириш, табиий ресурсларни экспорт қилиш инфратузилмаси устидан назорат  қилиш ётибди. Шу боис ҳам собиқ Иттифоқ қулаганидан сўнг Марказий Осиёда халқаро ҳамкорлик асосан минтақанинг нефть-газ салоҳиятини ўзлаштириш, эски қувурларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш соҳасида анча муваффақиятли кечди.

Марказий Осиёда транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш амалдаги интеграция институтлари, масалан, ШҲТ  доирасида ҳам йўқ.  Масалан, бугунги кунда ШҲТ таркибида транспорт-коммуникация соҳасида давлатлараро ҳамкорлик масаласига жавоб берадиган тузилма йўқ. Шунинг учун ҳам ШҲТга аъзо-давлатларнинг мазкур масаладаги ҳамкорлиги ташкилотга аъзо давлатлар транспорт вазирларининг учрашувлари билан якун топмоқда.

Масаланинг яна бир жиҳати, ўзбекистонлик экспертга кўра, Россия ва Хитойнинг ШҲТ доирасида ташкилотнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга етарлича эътибор қаратмаётганини ҳам айтиш керак. Ушбу давлатларнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлиги айнан нефть-газ ва уларнинг транспортировкаси билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Олег Столповскийга кўра, Марказий Осиё транспорт салоҳиятини рўёбга чиқариш учун камида иккита жараённи амалга ошириш талаб қилинади. Биринчидан, Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт-коммуникация интеграциясини жадаллаштириш имкониятларини топиш ва уни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш керак.

Иккинчидан, Евроосиё минтақасидаги йирик юк жўнатувчи ва қабул қилувчи етакчи иқтисодий марказлар билан ҳамкорликни ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим.

Марказий Осиё халқаро транспорт-коммуникация тизимини нафақат бир-бири боғловчи, балки континентал иқтисодий кенгликнинг ягона таркибий қисмига айланиши мумкин.