Фахриддин Низом: “Қачонгача айбимизни оммавий маданият экспансияси билан оқламоқчи бўламиз?»

    download (3)

    Бугун ўзбек электрон оммавий ахборот воситаларида, умуман, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида “оммавий маданият”, “Ғарбпарастлик” ҳақида турли чиқишлар авж олди, аксарияти, шубҳасиз, бундай жараёнларни иллат сифатида қоралайди. Шоир, адабиётшунос Фахриддин Низомнинг бу борадаги суҳбати дастлаб, kinopanorama.uz  сайтида, сўнг  Хуршид Давроннинг шахсий сайтида эълон қилинди.

    Журналистнинг “оммавий маданият дея Ғарб турмуш тарзи тарғиботи ўлароқ тарқатилаётган “Ҳарлем Шейк” сингари «вирус»лардан ким манфаатдор, юундан мақсад нима?” деган саволига жавоб берар экан, Фархриддин Низом буни оммавий эмас, оломон, янаям тўғрироғи, кўча маданияти деб аташини айтиб ўтади. “Албатта, сиз тилга олган ножўя, уят қилиқларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ҳатто Ғарб мамлакатларининг ўзида ҳам эс-ҳуши жойида бўлган одамлар “Ҳарлем Шейк” ёки ундан ҳам баттар ва бемаъни “Goat Edition” каби нақорат ўрнига эчки маъраб қўядиган клипларни оқлаётгани йўқ. Одобсизлик барча маданиятларда ҳам одобсизлик саналади”, дейди шоир.

    Фахриёр бундай тутуруқсиз клипларни Ғарбнинг “маданий диверсияси” деб қарашдан йироқлигини айтади. Унинг фикрича, бу ҳам қизамиқ ёки қизилча сингари – бир “оғриш” билан ўтиб кетадиган ишқивозлик.

    «Бу билан кўча маданияти йўқ демоқчи эмасман. У албатта бор – глобаллашув жараёнида дини, қадриятлари, анъаналари бошқа миллатларга муайян дунёқарашу қадриятларни аста-секинлик ва энг муҳими, бизга ўхшаб, ҳар сафар кимгадир хушомад қилиб, “партия қарорлари”нинг узундан-узоқ номларини бирма-бир санаб, хиралик қилмасдан сингдириш йўлларини қидириб топмоқда. Аслида хавф бунда ҳам эмас. Энг катта таҳдид шунга яраша жавоб бера олмаётганимизда, сўзимизга қуруқ валдираш билан ишонтирмоқчи бўлаётганимизда, ишонтиришнинг энсани қотирмайдиган йўлларини топа олмаётганимизда, сўзнинг пулдан ҳам тезроқ қадрсизланиб бораётганида», дейди шоир.

    Ширга кўра, дўкон ва бошқа жамоат жойларда бундай шармандали клипларга беўхшов тақлид қилиниб, боз устига, видео тасвирга олиниб, Интернет орқали тарқатилаётгани уларнинг таъсири жуда кучли эканидан далолатдир. Ҳали онгида миллий қадриятларга эргашиш қатъияти ёки миллий идентитет шаклланмаган ёшлар нима янги ёки қизиқарли туюлса, ўшанга ияриб кетаверади. Бу – биринчидан. Иккинчидан эса, табиатан янгиликка ўч ёшларга арзийдиган нимани таклиф қила оляпмиз? “Уммон”, “Беном”, “Зарба” сингари гуруҳларнинг қўшиқлариними ёки “Энди дадам бўйдоқ”, ҳар хил келгинди келину қайноналар ҳақидаги фильмларними?

    Журналистнинг «Негадир сиз чет эл оммавий маданиятидан кўра ўзимизни кўпроқ айблаяпсиз…» деган фикрига изоҳ берар экан, Фахриддин Низом «Назаримда, ўша гуруҳлар репертуарию “хонтахта” фильмлар прокатига рухсат бериб келган ҳар хил амалдорлар, уларни эфирга узатаётган теле-, радиоканаллар, ҳар хил ювуқсиз отарчиларнинг қўлтиғига сув пуркаётган сариғу яна аллақандай рангдаги матбуот санъат ва маданиятимизга ўша кўча маданиятидан кўра кўпроқ зарар келтирди ёки келтирмоқда. Лекин бу – масаланинг бир томони. Унинг бошқа тарафи ҳам бор – ўша отарчилар саводсиз қофиябозу композитору клипмейкерга тўлаётган пулини қаердан оляпти? Сизу бизнинг чўнтагимиздан! Ўзбекнинг тўйию қистир-қистири бор экан, улар кўчада қолмайди. Улар сизу биз хотамтойлик қилиб берган пулга ўзимизнинг фарзандларимиз дидини ўлдириб, маънан майиб қилиб беряпти», деб жавоб беради.

    Шоирнинг фикрича, ўша “хонтахта” фильмларга ким пул беряпти? Ҳомийларми? Мактаб кўрмаган режиссёрми ёки продюсерми? Асло. Мен билан сиз беряпмиз. Улар сарфлаган ҳар бир сўми учун сизу менинг чўнтагимдан ўн сўм фойда олишни кўзлаб, таваккал қилиб, пул тикмоқда ва афсуски, кўпинча бунга эришмоқда ҳам. Тўшак, олди-қочди адабиёти-чи? Газету журналлар саҳифасида эълон қилинаётган минг-минглаб бемаъни, қуруқ қофиядан иборат шеърлар-чи?

    «Фарзандларимизнинг онгини ёнимиздан пул сарфлаб, заҳарлаяпмиз. Аниқ айтишим мумкин, экранга, саҳнага, оммавий тадбирларга пулнинг зўри билан йўл очаётган ўзимизнинг кўча маданияти чет элникидан кўра кўпроқ зарар келтирмоқда. Сабабни ахтарганда ойнани ўз башарамизга тутсак, ёмон бўлмас эди», дейди шоир.

    Фахриёр «Қачонгача айбимизни оммавий маданият экспансияси билан оқламоқчи бўламиз? Келинг, унинг зарарли экани ҳақида ҳар қадамда айюҳаннос солгандан кўра муқобил, ундан афзал, ишонтира ва эргаштира оладиган йўлни топиб берайлик, уларга қарши тура оладиган асар, фильм ва қўшиқлар яратайлик», деб таклиф беради.

    Шоирнинг фикрича, бугунги кунда жамият дуч келаётган кўча маданияти билан боғлиқ муаммонинг илдизи анча чуқур. Маданият ва санъатни шоу-бизнеснинг малайига айлантириб қўйиш, яъни тижоратлаштириш унисини ҳам, бунисини ҳам ғорат қилади.

    «Такрор айтаман, оммавий маданиятни фақат Ғарбга хос ҳодиса деб қараш нотўғри. Уларни аввало ўз кўча маданиятимизнинг фожиали таъсиридан ҳимоя қилишимиз керак. Онги фақат томоша кўрсатиб, пул топишга асосланган қўшиқлару “хонтахта” фильмлар таъсирида шаклланган ёшлар яна нимага эргашиши мумкин? Бу – масаланинг бир жиҳати. Унинг бошқа тарафи ҳам бор. Бундай хатти-ҳаракатларни шоу-бизнеснинг сийқа томошалари жонига теккан ёшларнинг норозилик белгиси сифатида муқобил йўлларни қидираётгани деб ҳам қабул қилиши мумкин. Афсуски, улар шу маънода бекорчиликдан “Ҳарлем Шейк”дай бемаъни клипни тасвирга олиб, Интернет орқали тарқатаётган чет эллик тенгдошларидан унчалик фарқ қилмайди», дейди у.

    Шоирга кўра, тақиқ ҳеч қачон кутилган натижани бермайди ва Интернетдан фойдаланувчилар сони соат сайин ўсиб бораётган шароитда бунинг имкони ҳам йўқ. Ёшлар онгига мактабдан бошлаб, кўча маданиятидан минг чандон афзал ва баланд турадиган ҳақиқий миллий санъат, маданият ва адабиётимиз ҳам борлигини сингдиришимиз, улар дидини тарбиялаб, оқу қорани ажратиб оладиган қилиш керак.

    Шунингдек, телеэкрану саҳналарни дидсизу бадиият талабларидан мутлақо узоқ, хом-хатала нарсалар билан тўлдириш йўлига тўсиқ қўйилмаса бўлмайди. “Бир қарасангиз, бундай тўсиқ ҳам бордек – теле- ва радиоканаллар, “Ўзбекнаво” қошида бадиий кенгашга ўхшаш тузилмалар бор, ишлаб ҳам тургандек. Лекин “Ойсара опанинг қизи Жумагул” қабилидаги қўшиқлар эфирга чиқиб кетаётгани ҳафсалангизни пир қилади. Эҳтимол, бизнес нуқтаи назаридан бу ўзини оқлар, бироқ масаланинг тарбия ва маънавият билан боғлиқ жиҳати ҳам бор. Бу масалада ҳамма нарсани пулга чақиш бюджетдан болалар таълим-тарбиясига сарфланаётган триллионлаб сўмлик харажатлару саъй-ҳаракатларни бир пул қилади”, деб хулоса қилади шоир.