Физиология ва тиббиёт соҳасида Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинди

903530

Физиология ва тиббиёт соҳасида Нобель мукофоти америкалик олимлар Жеймс Ротман, Рэнди Шекман ва Томас Зюдховга насиб қилди. Бу ҳақда бугун Стокгольм қироллик институти ҳузуридаги Нобель қўмитаси эълон қилди.

Олимлар ушбу мукофотга “тўқималаримиздаги асосий транспорт тизими — везикуляр трафикни тартибга солиш механизми”ни яратгани учун муносиб топилган. Тўқималардаги везикулларда транспорт тизими аниқ ишламаса, инсон организмида тартибсизлик юзага келади. Нобель мукофоти совриндорларининг янги кашфиётлари диабет, эпилепсия ва аутоимун касалликларининг юзага келиш омилларини чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.

Жеймс Ротман
Жеймс Ротман

Жеймс Ротман 1950 йилда туғилган. У Гарвард тиббиёт институти ҳамда Массачусетс технология институтида ишлаган. Кейинчалик Стэндфорд университетида везикул тўқималарни ўрганиш билан шуғуллана бошлайди. Ҳозирги кунда у Коннектикутдаги Йель университети профессори ҳисобланади.

Томас Зюдхов
Томас Зюдхов

Томас Зюдхов 1955 йили Германияда туғилган. 2008 йилдан бери Стэндфорд университети профессори ҳисобланади.

Рэнди Шекман
Рэнди Шекман

Рэнди Шекман 1948 йилда таваллуд топган бўлиб, у Калифорния ва Стэндфорд университетларида таҳсил олган. Ҳозирги кунда Берклидаги Калифорния университети профессори ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, яқин кунларда бошқа йўналишларда ҳам ғолиблар номи эълон қилинади. Чунончи, 8 октябрь куни физика бўйича, 9 октябрь куни кимё бўйича, 11 октябрь куни тинчлик бўйича лауреатлар эълон қилинади.

SHARE