Ўзбекистон “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига қарши. Хўш, қирғизистонликлар бу ҳақда қандай фикрда?

49012

Яқинда БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистонда “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига эътироз билдирди.

Қирғизистондаги “Жаны Ордо” газетаси Қирғизистон жамоатчилик вакилларининг бу борадаги фикри билан қизиқди. Қуйидаги уларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

 Бегали Наргозуев, собиқ депутат: “Тенгма-тенг гаплашадиган лидер керак”

 — Ўзбекистон бундан аввал ҳам, 2007—2010 йилларда “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига қарши чиқиб келади. Шундай ибора бор: “Халқнинг боши бўлгандан кўра, сувнинг боши бўл”. Айнан шу боис ҳам улар ўйлайдики: “Агар улар ГЭС қурилишини якунлашса, айнан сув боис кўплаб масалаларда босим ўтказа бошлайди”. Шунингдек, улар суғориш пайтида уларни қийнашимиз мумкинлигидан хавфсирашади. “Қамбарота-2” ГЭС сув омборини тўлдириш орқали уни истаган вақтда энергетика мақсадларига йўналтиришимиз мумкин. Бу сув Тўхтағўл ГЭСни тўлдиришга сарфланади. Ҳозир биз бундай қила олмаймиз. Гап шундаки, Тўхтағўл сув омборига сув керак бўлаётган бир шароитда, сувимиз Ўзбекистонга оқмоқда. Агар “Қамбарота” ГЭСи қурилиши якунланса, биз сувнинг бошига, эгасига айланамиз. Ўзбекистон шунга қаршилик кўрсатмоқда. Биз ишонгандикки, Россия бизга ГЭС қуриб беради, аммо у ҳам рад қиляпти. Шунинг учун ҳамма билан музокара олиб боришга мажбурмиз. Бу ҳукумат (Қирғизистон — Vatandosh) “Қамбарота” ГЭСини қура олмайди. Шундай иш тутишаяптики, гўёки ёш болани алдашмоқда. Ўзбекистон эса ГЭС қурилмаслиги учун барча чораларни кўрмоқда. Бундай вазиятдан чиқиш учун улар билан тенгма-тенг гаплаша оладиган миллий лидер керак. Шундагина ўз мақсадимизга эришамиз, ГЭС қурамиз ва ўз сўзимизни ўтказамиз.

Талант Маметов, собиқ депутат: “Биз Ўзбекистон тарафи сўзларига эътибор қаратмасдан, лозим бўлган ишни қилишимиз лозим”

—  Ўзбекистон “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига қарши, чунки сув масаласида Қирғизистонга қарам бўлиб қолишни истамайди. Уларнинг фикрича, агар ГЭС қурилса ва ишга туширилса, уларга кам миқдорда сув оқими йўналтирилади. Сув энергетика қанча талаб қилса, шунча берилади. Қирғизистон сувнинг йўлига ғов бўла олмайди. Албатта, сув белгиланган ҳажмда боради. Ўзбекистон экин майдонларини 2-3 баравар кўпайтирди, сувдан фойдаланиш 2 баравар ошди. Бундан ташқари, улар 9 та сув омбори қуришди. Албатта, биздан бораётган сув уларнинг эҳтиёжларини қондира олмайди. Қирғизистоннинг мақсади халқ, давлатга фойда келтирадиган ГЭС қуришдир. Муайян жиҳатдан улар бунга қаршилик кўрсатмоқда. Аммо ҳеч қачон уларга эътибор қаратиш шарт эмас, балки кўзда тутилган ишни қилишимиз керак. Чунки ҳар бир давлат ўз ҳудудидаги сув, табиий ресурслар ва табиий бойликларга эгалик қилади ва ундан қандай фойдаланишни ўзи ҳал қилади.

 

Шойирбек Маматоқторов, жамоат арбоби: “Ислом Каримов бошқа президентлардан фарқли ўлароқ шунчаки гапирмайди”

—  Ўзбекистон ҳукумати бу сўзи билан ўзининг минтақавий лидер эканлигини кўрсатишни истайди. Иқтисодий, сиёсий муносабатларда улар биздан олдинда туришади. Ўзбекистонда сувдан ташқари ҳам муаммолар юзага келган. Улар жуда ўткир. Аммо бу инсон (Ислом Каримов) бир марта ўз донишмандлигини намойиш этди. Биз Ўш воқеалари чоғида унинг қандай лидер, қандай инсон эканлигига яққол гувоҳ бўлдик. Ислом Каримов бошқа президентлар каби шунчаки гапирмайди. У жуда чуқур мушоҳада қилади, сўнг ўз фикрини баён этади. Ўзбекистон раҳбариятининг қаршилигини тўғри тушуниш лозим. Ўзбекистон учун сув ҳаёт-мамот масаласи. Агар сув тақчиллиги юзага келса, уларнинг қишлоқ хўжалиги учун жиддий таҳдид туғилади. У, табиийки, ўз мамлакати манфаатлари ҳақида ўйламоқда.

 Салморбек Деҳқонов, жамоат арбоби: “Қўшнилар қарам бўлиб қолишдан қўрқишмоқда”

 — Агар “Қамбарота-1” ГЭСи қуриладиган бўлса, Ўзбекистон учун ҳам жуда фойдали бўлади. Негаки, “Қамбарота” ГЭСи жуда кўп сувни қамраб олади. Шунинг учун улар сув масаласида бизга қарам бўлиб қолишлари мумкин. Агар биз хоҳласак, уларга сув бермай қўйишимиз мумкин. “Қамбарота-1” ГЭСи ишга тушгач, Қирғизистон энергетика масаласида кучли мамлакатга айланади. Қўшнилар бизга қарам бўлиб қолишдан қўрқишмоқда. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида алоқалар мустаҳкамланса, бундай муаммо юзага чиқмайди.

 Зулфиқор Сапанов, журналист: “Ўзбекистон раҳбари ўз халқи манфаатларини ҳимоя қилмоқда”

— Ислом Каримов ўз давлати манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Агар бизнинг президентларимиз ҳам, Ўзбекистон раҳбари каби, давлатимиз манфаатларини ҳимоя қилишганида, аллақачон “Қамбарота-2” ГЭСини қурган бўлардик. Бизникилар Ўзбекистон раҳбари айтгани учун ҳам ГЭС қурилишини тўхтатишлари мумкин. Яқинда бош вазир Қозоғистонга бориб тегишли битимни имзолади. Қозоғистон “Қамбарота” ГЭСи қурилишида иштирок этадиган бўлди. Бунгача мамлакатимиз Россия билан ҳам 50/50га шартнома имзолаган. Жанторо Сотиболдиевнинг Қозоғистондаги сўзларидан шу нарса аён бўладики, Россия “Қамбарота” ГЭСи қурилишида иштирок этишдан воз кечган.

 Бекпўлат Талгарбеков, жамоат арбоби: “Қамбарота” ГЭСи Ўзбекистон учун фавқулодда улкан таҳдид ҳисобланади”

— Менинг сўзларим ҳукуматимизнинг аҳмоқона хатти-ҳаракатларидан дарак беради. Шундай нақл бор: “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”. Мана шундай савол туғилмаслиги учун, аввало, Ўзбекистон билан музокара қилиши, келишиши, сўнг ушбу ишга қўл уриши керак. Амалда “Қамбарота” ГЭСи Ўзбекистон учун катта таҳдид келтирадиган корхона ҳисобланади. Азалдан ўзбек ва қирғиз халқлари иноқ бўлиб яшаб келаётган бўлса-да, бундай одамларнинг ҳокимиятда бўлиши бу алоқаларни жуда тез бузиб юбормоқда. 2010 йил июнь воқеалари пайтида Ўзбекистон бизга тушуниш билан муносабатда бўлди. Ҳар бир давлат нима қилишни ўзи билади, деган ҳолда биздан борган ўзбекларни қабул қилмади. Табиийки, ушбу ҳаракати билан Ўзбекистон ҳукумати ўзининг бизга нисбатан эзгу ниятини кўрсатди.

SHARE