“Канадалик Чехов” ёки Элис Мунрога Нобель мукофоти нега берилди?

Alice Munro wins 2013 Nobel prize for literature

2013 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофотига канадалик ёзувчи Элис Мунро (Манро) сазовор бўлди. Мукофот Манрога “замонавий ҳикоянавислик устаси” бўлгани учун тақдим қилинди.

Элис Мунро 1931 йилда Канаданинг Уигнем шаҳрида таваллуд топган. Унинг биринчи ҳикояси — “Соя мезони”( “The Dimensions of a Shadow”) 1950 йилда ёзилган. Илк китоби эса 1968 йилда нашрдан чиқади. Ушбу ҳикоялар тўплами “Бахтли соялар рақси” ( “Dance of the Happy Shades”) деб номланади. Мазкур китоб мунаққидлар томонидан ҳам, ўқувчилар томонидан ҳам илиқ кутиб олинади ва генерал-губернаторнинг бадиий адабиёт соҳасидаги мукофотига муносиб кўрилади.

Канада ҳеч қачон Нобель мукофотини олмаган, аёллар эса сўнгги уч йил давомида бу мукофотга яқин келмаётган эди. Канадалик Элис Мунро бир қатор нуфузли мукофотлар соҳиби бўлса-да, Нобель қўмитасининг мазкур қарори кўпчиликнинг баҳсларига сабаб бўлди.

Россиялик мунаққид Константин Мильчин сўнгги ўттиз йил давомида адабиёт соҳасидаги Нобель мукофоти совриндорлари ижодини кузатиб боришини қайд этиб, гарчи Нобель қўмитаси қарорига баъзан рози бўлса, баъзан эътирози бўлса-да, уларда қандайдир мантиқ борлигини айтади. “Швед академикларининг наздида шундай: дунёда яхши китоблар ҳам, яхши адабиётлар ҳам кўп. Биз дунё харитасига узоқ тикилиб, эътибориингизни Канада адабиётига қаратишни маъқул кўрдик. Бундай адабиёт бор. Британ, Америка адабиёти эмас, балки айнан Канада адабиёти”. Мунаққиднинг фикрича, ўтган йили улар шу йўл билан дунё аҳолиси эътиборини Хитой адабиётига қаратган эди. “Раҳмат Сизга, шведлар! Ўтган йилги лауреат Мо Янь сўнгги йилларда ўзим учун кашф қилган энг яхши муаллифдир”, дейди Константин Мильчин.

Унинг фикрича, Манро — ҳудудий ёзувчи. У бутун ҳаёти давомида айнан битта округ — Онтарио ҳақида ёзади. Мана, 40 йилдан ортиқ ёзиб келмоқда. “Жаноблар, Сиз ҳам ўзингизга яқин ва тушунарли бўлган нарсалар ҳақида ёзинг”, дейди у.

Россиялик ёзувчи Эдуард Лимонов ҳеч бир мукофотга ҳурмат билан қарамаслигини айтади. “Мукофот Худо томонидан эмас, одамлар томонидан бериляпти. Шунинг учун бу ерда нима ҳам дейиш мумкин? Қандайдир швед академиклари бу мукофотни беради”, дейди у “КоммерсантЪ ФМ”га берган интервьюсида.

Лимоновга кўра, аксарият мукофотлар ривожланаётган адабиётларга ёки унут бўлаётган адабиётларга берилади. “Мукофот кенг миқёсдаги ютуқлар учун берилмоғи керак. Дейлик, умумевропа, бутунжаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси учун”, дейди у.

SHARE