“Ўзбекистон темир йўллари” тожикистонлик ҳарбийларни ўз манзилига элтиб қўйди

    c3c6b76281_186669

    10 октябрь куни “Душанбе — Қанибодом” йўналиши бўйича Тожикистон ҳарбийларини олиб кетаётган йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетганлиги ҳақида хабар берилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса натижасида 12 киши турли даражада тан жароҳати олган.

    “Тожикистон темир йўллари” ДУК йўловчиларни ташиш корхонаси бошлиғи Маҳмудюсуф Абдураҳмоновнинг “Ҳовар” ахборот агентлигига айтишича, воқеа соат 9.40да Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида юз берган. Поезд вагонларида жами 283 нафар йўловчи, 23 нафар хизмат кўрсатувчи персонал бўлган. Ҳозирча номаълум сабабларга кўра, 6 та вагон ағанаб тушган.

    “Жабрланганларга Ўзбекистон темир йўл хизмати, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, тез ёрдам хизмати томонидан барча зарур ёрдамлар кўрсатилган. Ўша куни соат 17.20да “Ўзбекистон темир йўллари” йўловчиларни ўз манзилига элтиб қўйган”, деди Маҳмудюсуф Абдураҳмонов.

    Поезднинг ўз рельсидан чиқиб кетиши сабаблари ҳозирча номаълум. Воқеа жойида ҳозирги кунда махсус комиссия иш олиб бормоқда. Комиссия таркибига Ўзбекистондан ҳам, Тожикистондан ҳам вакиллар киритилган.