“Ўзбекнаво” Зулайҳо Бойхонова ҳамда бошқа хонандаларни “ижоди ва хулқи” учун тақдирлади

Sayyod.uz/Абдураҳмон Содиқов
Sayyod.uz/Абдураҳмон Содиқов

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тарафидан катта мажлис ташкил этилди. Sayyod.uz сайтининг ёзишича, ушбу йиғилишга таклиф этилганлар 78 та санъат олами вакиллари ва 10 га яқин эстрада гуруҳларини ташкил этди.

Йиғилишда иштирок этганлардан Махмуд Намозов, Дилдора Ниёзова, Рухшона, Иззатилла Ибрагимов, Сайёра Қозиева, Дилсўз, Тамила, “Элдидо” гуруҳи, Ғиёс Бойтоев, Собиржон Мўминов, Анвар Ғаниев, Лола Аҳмедова, Ёдгор Мирзажанов, Феруза Нодирова, Абдували Ражабов, Фирдавс Пазлетдинов, Умидахон, Шаҳноза Отабоева, Даврон Эргашев, Илҳом Фармонов, Ботир Қодиров, Умид Шаҳобов, Мирабзал Ҳусанов, Тоҳир Усмонов, Умар Шамсиев, “Давр” гурухи ва бошқаларни ҳамда уларнинг маъмурларини кўриш мумкин эди.

Shov-shuv.uz сайти раҳбари Жасур Ҳамроевнинг ёзишича, “Ўзбекнаво” фидойи раҳбари яна ҳамма санъаткорлар бошини бир жойга йиғди. Бу раҳбарнинг ҳар бир мажлиси ўзгача тарбиявий руҳ билан ўтади. Маънан бой, тафаккури соғлом бош бўлган жойда, бундан бошқаси ҳам бўлиши мумкин эмас. Фидойи дейишимизда ҳам асос бор-да! Азамат Ҳайдаров бирлашмани бошқараётганидан бери нечанчи мажлис ўтказаётганини санамаганман-у, бироқ, ҳар бири ўз сабаблари ва ечимига эга”.

Жасур Ҳамроевга кўра, мажлисга кетган вақт бесамар ўтмайди. Зерикишга эса ўрин ҳам йўқ: у узундан узоқ қоғозга чоп этилган нутқни кўр-кўрона ўқиб бермайди! Унинг ўз хулосаси, айтадиган ўз гаплари бор. Яқинда ўтказилган мажлисда ҳам шундай бўлди. Азамат Ҳайдаров барча санъаткорларни ҳамфикр бўлишга, бирдамликка, жипслашишга чорлади.

Sayyod.uz’га кўра, мажлисда пахта мавсумидаги санъат вакилларининг иштироки хақида гап борди. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси раҳбари пахта мавсумида хонандаларнинг иштироки ўта муҳимлиги, пахтакорлар учун кўрсатилиши керак бўлган маданий ҳордиқ қанчалик зарурлиги ва бунда санъат вакиллари учун бироз қулайлик бўлиши учун эндиликда хонандаларнинг вақти ва имкониятига қараб рўйхат тузилиши хақида айтиб ўтилди.

Бу юкланган вазифаларни бажаришдан қочиб юрган бир нечта хонандалардан ва янги ташкил этилган гуруҳлардан ҳам борлиги хақида айтилди. Мисол учун, Жасур Умиров ҳақида ҳам гапирилиб, “ўзи Ўзбекистон мустақиллиги байрами сабабли яқиндагина қайтариб берилган лицензияси, берилган вазифаларни бажармай, ўзини касал деб баҳоналар қилгани учун яна қайтариб олинди”, дейилди ҳамда унинг “Маша” қўшиғи хақида танқид қилинди.

Жасур Ҳамроевнинг ёзишича, энг қизиғи,  йиғилиш сўнгида Азамат Ҳайдаров ўз ижоди ва хулқи билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ “каттаю кичик” санъаткорларни махсус совғалар билан тақдирлаган. Озодбек Назарбеков, Алишер Файз, Зулайҳо Бойхонова ва бир неча энди танилаётган хонандаларга “Мустақиллигимизнинг 22 йиллик тантанаси” ва “Шарқ тароналари” фестивали” видеоальбоми  ҳурмат ила тақдим этилди.

SHARE