Ислом Каримов Латвияга давлат ташрифи билан боради

    Uzbekistan_Latvia_flags_260912

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг таклифига биноан 2013 йил 16-17 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Латвияда бўлади.

    ЎзАнинг хабар беришича, учрашувлар ва музокаралар чоғида Латвия раҳбарияти билан Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама этилади.

    Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, сиёсий, савдо-инвестиция, транспорт-коммуникация соҳалари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатларни имзолаш режалаштирилмоқда.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Латвияга ташрифи ҳақида Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев сентябрь ойида маълум қилган.

    ЎзА хабарига кўра, икки давлат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми мунтазам ошмоқда. 2012 йилда бу кўрсаткич 243,2 миллион, жорий йилнинг январь-июнь ойларида эса 125,6 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистонда Латвия сармояси иштирокида тузилган 22 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар мебелсозлик, тўқимачилик, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефтни қайта ишлаш, полиграфия, логистика, улгуржи савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ихтисослашган. Ўзбекистонда Болтиқбўйидаги ушбу мамлакатнинг 10 етакчи компанияси ўз ваколатхонасини очган.

    Латвия Республикаси иқтисодиёт вазирлигининг давлат котиби Юрис Пуцега кўра, ўзаро дўстона алоқалар мамлакатлар ҳамкорлигини изчил равнақ топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Сўнгги йилларда ҳамкорлик қамрови янада кенгаймоқда. Жумладан, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари, таълим каби соҳалардаги алоқалар фаоллашмоқда.

    Ўзбекистон бугунги кунда Ўзбекистон Латвиянинг Рига, Лиепая, Вентспилс портлари орқали денгизга чиқмоқда.