Профессор Чарльз Абернати: “АҚШ Конституцияси давр синовларида сайқал топган”

Professor Charles AbernathyЗамонавий Конституция мактаби ҳақида сўз борганда, энг аввал АҚШ Конституцияси эътироф этилади. Америкада 1789 йил 17 сентябрда инсоният тарихидаги илк ёзма Конституция қабул қилинганди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси саъй-ҳаракати билан ушбу нодир ҳужжат илк бор ўзбек тилида чоп этилди. Шу муносабат билан Вашингтондаги Жоржтаун университети профессори Чарльз АБЕРНАТИ билан суҳбатлашдик.

– Жаноб Абернати, Қўшма Штатлар тараққиётида Конституция қандай амалий аҳамият касб этди? Гарчи яхлит ёзма Конституцияга эга бўлмаса-да, Буюк Британия дунёнинг ривожланган демократик давлатларидан бирига айланди. АҚШ Асосий Қонунсиз бугунги тараққиёт даражасига эришиши мумкинмиди?

АҚШ Конституциясини рамзий маънода жамияти ҳаётига дахлдор энг муҳим масалалар муҳокама этиладиган жамоатчилик маскани – халқ машваратига қиёслаш мумкин. Америка фуқаролари Конституцияни ижтимоий ҳаёт асосини ташкил этувчи фалсафий ҳужжат сифатида қадрлашади, ушбу дастуриламал манба фозил ва одил жамият қуришга хизмат этажагига сидқидилдан ишонишади. Бу бежиз эмас. Зотан, Конституцияда “ҳуррият”, “эркинлик” сингари бебаҳо тушунчалар акс этган. Кўп қатламли маъноларга эга бўлган ушбу тушунчаларда америкаликларнинг сиёсий хоҳишлари, ардоқли орзу-мақсадлари мужассам. Муайян ҳуқуқий низоларнинг АҚШ Олий суди даражасида муҳокама этилиши, Олий суд судьялигига сайлаш жараёнидаги қизғин курашлар ёки Конституцияга ўзгартириш киритиш билан боғлиқ жонли мунозаралар ана шу истакларнинг ўзига хос ифодасидир.

Конституция дунё юзини кўрганидан буён давлат идораларини шакллантириб қолмай, долзарб масалаларнинг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиши, муҳим қарорлар қабул қилинишида халқ иродаси инобатга олинишини ҳам таъминлаб келмоқда. Бошқа мамлакатларда бу жараён ўзгача кечиши мумкин. Масалан, Буюк Британияда, сиз таъкидлаганингиздек, ёзма Конституция мавжуд эмас. Германияликлар эса “Асосий Қонун” деб аталган ҳуқуқий ҳужжатга таянишади.  Сирасини айтганда, халқ ва сиёсатдонлар ўзаро тил топишар экан, жамият равнақ топади. Бошқарув адолат тамойилларига асосланар экан, ҳокимият барқарор бўлади.

АҚШ Конституциясининг имзоланиши. Воқеалар марказида – Жорж Вашингтон. Рассом Ҳовард Кристи чизган сурат.
АҚШ Конституциясининг имзоланиши. Воқеалар марказида – Жорж Вашингтон. Рассом Ҳовард Кристи чизган сурат.

– Жамият тараққиёти хусусидаги мулоҳазангиз ғоят ўринли. Одамлар тафаккури ва яшаш тарзи ўзгариши билан Конституция ҳам муттасил янгиланиб боради. Шундай эмасми? Америка Конституцияси матнига 1791–1992 йиллар давомида 27 та ўзгартиш киритилган. Маълумотларга қараганда, 1789 йилдан буён уни ўзгартириш борасида Конгрессга 10 мингдан ошиқ таклиф тушган ва уларнинг аксарияти қонунчилик идораси тасдиғидан ўтмаган. Ҳозир ҳам Америка фикр аҳли ҳамда қонун ижодкорлари орасида янги қўшимчалар киритиш борасида таклифлар мавжудми?

Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича уринишлар бу қадар кўп эканидан ҳайрон бўлмаслик керак. Буни фикр эркинлигининг амалий ифодаси сифатида қабул қилиш тўғрироқ бўлур эди. Фикр эркинлиги амалда экан, Конституцияни такомиллаштириш борасидаги ҳаракатлар ҳам тинмайди. Ташаббусларнинг чегараси йўқ, аммо халқ томонидан қўллаб-қувватланган таклифларгина Конституциянинг таркибий қисмига айланади. Бу ўринда фундаментал аҳамиятга эга ўн иккинчи ўзгартиришни эслаш мумкин. Унга кўра, сенаторларни штат қонунчилик идоралари эмас, халқ сайлайдиган бўлди. Ёки ўн тўртинчи ўзгартиришга мувофиқ, Фуқаролар уруши даврида озод этилган барча собиқ қулларнинг мамлакат фуқаролигини олиши кафолатланди. Қабул қилиниш чоғида долзарб аҳамият касб этган, аммо вақт ўтиши билан ўз қимматини йўқотган ташаббуслар ҳам йўқ эмас. Масалан, 1919 йилда Конституцияга маст қилувчи ичимликларни ишлаб чиқариш, сотиш ва хориждан келтиришни тақиқловчи модда киритилди. Аммо кўп ўтмай – 1933 йилда мазкур ўзгартириш бекор қилинди.

Одатда, инсон ҳуқуқларини кенгайтириш борасида талай таклифлар илгари сурилади. Масалан, Олий судда бесоқолбозларга тенг ҳуқуқ бериш борасидаги муҳокамаларга қарамай, Конституцияга бу бўйича ўзгартириш киритилмади.

Ислоҳот тарафдорлари иқтисодий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратадилар. 1789 йилда илк бор Конгресс аъзоларининг ойлик маошини тартибга солиш таклиф қилинганди. Мазкур таклиф орадан роппа-роса 203 йил ўтиб, 1992 йилдагина маъқулланди. Федерал бюджетда бир неча йилдан буён улкан тақчиллик кузатилмоқда. Шу туфайли Конгрессга йиллик бюджетни тасдиқлашда кирим ва чиқим ўртасида муайян мувозанатни таъминлаш талаби қўйилмоқда. Айтиш керакки, деярли барча штатлар Конституциясида йиллик бюджет қабул қилишда харажат ва даромад мувозанатини эътиборга олиш талаби мавжуд.

Ҳар бир америкалик ўз уйида мамлакат байроғи билан бирга Конституциясини ҳам сақлайди. Бу, албатта, ватанпарварликнинг гўзал намунаси. Лекин тадқиқотлар жараёнида (масалан, Делавэрдаги Университетлараро тадқиқотлар институти ўтказган ижтимоий сўровда) мамлакатнинг айрим фуқаролари Конституциянинг мазмун-моҳиятидан узоқлашиб бораётгани ҳам қайд этилмоқда. Америка аҳолиси, хусусан, ёшларнинг Конституциядан бохабарлик даражаси Сизни қониқтирадими?

АҚШда турли миллат ва элатлардан ташкил топган 300 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шунга яраша фуқароларнинг қизиқиш ва интилишлари ҳам турлича. Аксар фуқароларда ватанпарварлик ҳисси кучли, айримлар эса Конституциядан кўра футболни афзал билади. Бошқа мамлакатлардан кўчиб келиб фуқаролик олган муҳожирлар янги ватанлари сифатида Американи яхши кўришади, баъзилар эса туғилиб ўсган юртини соғиниб, янги шароитга мослашолмайди (Америка фуқароларининг 20 фоизи бошқа мамлакатларда дунёга келган). Ватанпарварлик ҳиссининг кучли ёки заиф экани ҳудудлар бўйича ҳам фарқ қилади.

Турли миллат вакиллари бир ҳаводан нафас олиб яшаётган Америкада бағрикенглик асосий қадриятга айланган. Бу, америкаликлар ўзаро зиддиятга бормайди, дегани эмас. Жамиятда қизғин ва кучли тортишувлар одатий тусга кирган. Муҳим жиҳати, тортишувлар асносида томонлар конституциявий қадриятларга таянган ҳолда ўз ҳақлигини исботлашга уринади. Нафсиламрини айтганда, Америка тарихи давомида сиёсий фаоллик ва сиёсий бағрикенглик ўртасида уйғунликка эришиш ҳар доим ҳам осон кечмаган.

– Америка Конституцияси бутун дунёда икки асрдан буён чанқоқлик билан ўрганилмоқда. Ушбу ҳужжат ўнлаб давлатлар Конституциясини ишлаб чиқишда қимматли манба вазифасини бажарган. Айни пайтда, Америка Конституцияси ўзига хос шарт-шароитда қабул қилингани, унда соф америкача ҳуқуқий мафкура ва анъаналар акс этганини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Масалан, олимлар фақат Америкага хос федерализм тартибини ҳатто федерал давлатларга ҳам айнан татбиқ этиб бўлмаслигини таъкидлашади. Шундай экан, бугунги кунда Америка Конституцияси тажрибаси ривожланаётган давлатларга кўпроқ қай жиҳатдан асқотади, деб ҳисоблайсиз?

Биласизми, ғоявий жиҳатдан олганда, биз АҚШ Конституциясини мукаммал ҳужжат деб ҳисоблаймиз. Суҳбат аввалида айтганимдек, у одил ва фозил кишилар жамияти қуриш учун зарур бўлган барча қоидаларни қамраб олган. Тарихга назар ташлайлик. Маълум муддат Конституция вазифасини ўтаган Конфедерация моддалари собиқ колониялар ўртасидаги зиддиятларни ҳал этишга ожизлик қилиб қолди. Конституция ижодкорлари, энг аввало, ана шу камчиликни тўлдириш пайида бўлишди. 1787 йили икки палатали Конгрессни шакллантириш ҳам қонун ижодкорлиги жараёнида штатлар ва штатлар аҳолисининг тенг иштирокини таъминлашга қаратилганди (Эслатма ўрнида айтиш жоизки, Конфедерация моддалари чекланган штатлар вакилларидан иборат бир палатали парламент томонидан қабул қилинганди). Ўша вақтда Конституция таъсис кенгаши жанубий штатлардаги қулдорликни вақтинча маъқуллашга мажбур бўлди. Гап шундаки, барча штатлар ўртасида муроса ўрнатиш учун шундай муваққат чора зарур эди (Мазкур муросавий қарорни бекор қилиш учун яна 80 йил керак бўлди). 1791 йилда Ҳуқуқлар тўғрисидаги билл тасдиқланганида, кейинги ўзгартиришлар қабул қилинганида ҳам, сиёсий манфаат ғоявий асосдан устун келган ҳолатлар бўлди. Айтмоқчиманки, Конституциянинг такомиллашуви қизғин курашлар остида кечди.  

Америка халқи Конституцияни ишлаб чиқишда бошқа мамлакатлар тажрибасидан ҳам илҳомланган. Масалан, давлат ҳокимиятини қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тарзида учта тармоққа бўлиш ғояси, асли, француз мутафаккирларига тегишли. Швейцария кантонлари ва Янги дунёдаги бир қатор ҳудудларда ҳам ёзма қонун яратиш борасида уринишлар бўлганди. Яъни бошқа мамлакатларда синовдан ўтган ғоялар қонун ижодкорлигида илҳомбахш манба экани ўшандаёқ ўз исботини топганди.

Қиёсий ҳуқуқ соҳасида изланишлар олиб бораётган етакчи олим ва тадқиқотчилар бир давлат бошқа давлатнинг Конституциясини айнан кўчириши муваффақият келтирмайди, деб ҳисоблайдилар. Қонун ҳамма ерда ишлатиш мумкин бўлган қолип эмас. Лекин муайян бир давлатнинг қонун ва Конституция ижодкорлиги бошқа мамлакат учун ўзига хос тажриба мактаби бўла олади. Юқорида таъкидлаганимдек, Америка Конституциясининг дунё юзини кўришида бошқа мамлакатлардаги қонун ва ишланмалар илҳомбахш манба бўлганди.  Ўз навбатида, ривожланаётган мамлакатлар ҳам АҚШ Конституциясидан ғоявий ва амалий томондан кўп жиҳатларни ўрганишлари мумкин.

Собир САЛИМ

суҳбатлашди.

Cуҳбатдош ҳақида:

Чарльз Абернати (Charles Abernathy) – америкалик таниқли ҳуқуқшунос, Жоржтаун университети профессори. Фуқаролик ва қиёсий ҳуқуқ бўйича бир қатор салмоқли илмий қўлланмалар, жумладан, “Фуқаро ҳуқуқлари ва Конституциявий суд жараёнлари”(Civil Rights and Constitutional Litigation, 2011), “Америка Қўшма Штатлари қонунчилиги” (Law in the United States, 2012) китоблари муаллифи. Профессор Абернати Италия, Швейцария, Германия, Аргентина каби мамлакатлар юридик факультетларида ҳам маърузалар ўқиган.

 АҚШ Конституцияси:

  • Мухтасар тузилишга эга АҚШ Конституцияси муқаддима, 7 та модда ва 27 та қўшимчадан иборат.
  • Конституциянинг илк лойиҳасини тайёрлаш учун 100 кун кетган. Мазкур ҳужжатни биринчи бўлиб имзолаган арбоб Жорж Вашингтон саналади. Уни тайёрлашда жонбозлик кўрсатган Жеймс Мэдисон “Конституция отаси” деган шарафли номга сазовор бўлган.
  • Конституция матни Пеньсилвания Бош ассамблеяси ходими Жейкоб Шаллус томонидан 30 доллар қалам ҳақи эвазига қоғозга туширилган. Мазкур қўлёзма айни пайтда Вашингтондаги Миллий архив биносида – ядро қуроли зарбасига ҳам дош берадиган мустаҳкам зирҳли бўлмада сақланади. Жамоатчилик 17 сентябрь – Конституция қабул қилинган кунда мазкур қўлёзма билан тўлиқ танишиш имконига эга.
  •  Конституциянинг илк бор ўзбек тилида нашр этилиши АҚШнинг юртимиздаги элчиси Жорж Крол томонидан Америка ва Ўзбекистон халқларини янада яқинлаштирадиган тарихий ташаббус деб баҳоланди.