Бирюлево: муаммо мигрантлардами ёки миллатчиликда? Оломон vs зиёлилар

Сабзавот марказидаги мигрантлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Илья Варламов
Сабзавот марказидаги мигрантлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Илья Варламов

Бугун рус оммавий ахборот воситаларининг бош мавзуси Москва шаҳрининг Бирюлево намойишларга бағишланмоқда. Аслида, сўнгги маълумотларга кўра, Озорбайжон фуқароси, 10 йилдан зиёд Россияда истиқомат қилиб келган Орхан Зейналов (гумондор) содир этган жиноят учун рус миллатчилари оммавий намойишлар ўтказиб, “самосуд” ташкил қилишмоқда, полиция ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларига буйсунмаяпти.

Нима бўлган эди ўзи?

Тўполонларнинг сабаби шуки, жорий йил 10 октябрь куни Бирюлево туманида 25 яшар Егор Шербаковни ўлдириб кетишди. У ўз севгилисини уйга кузатаётган эди. Кутилмаганда нотаниш йигит унинг қизига тегажоғлик қила бошлайди, ўртада можаро юзага келади. Оқибатда нотаниш шахс Шербаковни пичоқлайди ва кўздан ғойиб бўлади. Қиз нотаниш шахсни “кавказлик”ка ўхшатади ва полицияга маълумот беради.

Орадан бир кун ўтиб Бирюлевода митинг бўлиб ўтади, маҳаллий аҳоли туман полиция бўлими олдида ҳозир бўлиб, қотилни зудлик билан топиш, миграция қонунчилигини кучайтириш, шу атрофда жойлашган ҳамда асосан мигрантлар ишлайдиган сабзавот бозорини ёпишни талаб қилишади. Оқшом миллатчилар туманда қоравулликни ўз қўлига олишади, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан келишмовчилик келиб чиқади.

13 октябрь — якшанба куни эса Шербаков ўлдирилган кўчада юзлаб одамлар йиғилди. Уларнинг аксарияти ёшлар бўлиб, спорт кийимларида ва юзларини яшириб олишган эди. Миллатчилар ва маҳаллий аҳоли савдо маркази парковкасида тўпланишиб, “Биз руслармиз, биз уйдамиз!” дея ҳайқира бошлашди. Ўша пайт бир неча киши юзи кавказликка ўхшаган одамни кўриб қолишди ва уни дўппослай бошлайди. У бир амаллаб савдо маркази биноси ичига яширинишга муваффақ бўлди. Яна бир юкчини ҳам 20 нафар атрофида миллатчилар тепкилай бошлайди. Марказ қўриқчилари ҳам уни ҳам ичкарига олиб киришга муваффақ бўлишади. Хуллас, шундай қилиб маҳаллий аҳоли ва миллатчилар “самосуд” уюштиришди.

13 октябрь куни бўлиб ўтган “халқ йиғини”даги тартибсизликлар учун 400 киши ҳибсга олинди, улардан икки нафарига жиноий жавобгарлик масаласи, бир қисмига маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди. Қолганлари эса профилактик суҳбатдан қўйиб юборилган. Бўлган воқеа — шу. Маҳаллий аҳоли ва миллатчиларнинг намойишлари ҳалигача тингани йўқ, Москва шаҳри ҳуқуқ-тартибот органлари ҳар қандай иғво ва провокацияга қарши ҳозир бўлиб турибди. Гарчи бугун Егор Шербаков иши бўйича асосий гумондор Орхан Зейналов ҳибсга олинган бўлса-да, намойишлар тингани йўқ.

Зиёлилар оқибат ҳақида

Россия ҳукумати ва зиёлилари, жамоатчилик вакиллари ҳам бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдиришмоқда. Аксарият ҳолатларда улар масалага миллатчилик нуқтаи назаридан қарамасликни сўрашган. Шербаковлар оиласи ҳам оммавий тартибсизликларни қоралаб, ушбу ҳаракатларга умуман алоқаси йўқлигини маълум қилишган.

Мурад Мусаев, адвокат, юридик фанлар доктори:

“Сизлар (Миллатчилар ва намойишчилар) шунчаки беҳаё ва иккиюзламачисизларки, бегонанинг дардини юрагингизни тўлдирган ҳайвонга хос нафратингиз учун важ сифатида ишлатмоқдасиз”.

Михаил Прохоров, бизнесмен:

“Бирлюводаги қирғин — маданий-этник можаро эмас. Бу маҳаллий бошқарувнинг хуфёна бизнес билан тўлиқ аралашиб кетиши натижасидаги чорасизлик туфайли билдирилган муносабат. Фуқароларнинг муаммоларини аллақачон ҳал этишмай қўйишди, улар суд ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ишончини йўқотишди”.

Марат Гельман, галерист:

“Полиция ва терговчилар ўз ишини бажара олмайдиган жойда миллатчилик ҳақида гапириш ноўрин. Амалда терговчиларга ҳам, судларга ҳам ишонч йўқ. Полиция митингларни ҳимоя қилишдан бошқасига ярамай қолди”

Людмила Алеексеева, Москва Хельсинки гуруҳи раҳбари, инсон ҳуқуқлари фаоли:

“Москвада бундай воқеаларнинг юз бериши Россия учун шармандали ҳолат. Чунки Москва кўпмиллатли мамлакатнинг пойтахти ҳисобланади. Москваликлар норозиликларини бурни бошқача ёки бошқа тилда гаплашадиган одамларга ағдаришмоқда. Бу ўрта асрларга хос одатдир. Менимча, ҳуқуқ-тартибот органлари жуда эҳтиёткор иш тутмоқда ва тўғри қилишяпти”.

281899_600

Гарчи зиёлилар ва аксарият инсон ҳуқуқлари фаоллари бу масалага миллатчилик ва нафратни қўшмасликни таъкидлаётган бўлса-да, оломон ёки ўзбек тилидаги яна бир сўз билан айтганда, “омма” барча муаммоларнинг замирида мигрантларни кўрмоқда. Энг даҳшатлиси, бундай фикрни Россиядаги популист сиёсатчилар, жамоат шахслари, миллатчилик кайфиятидаги зиёлилар илгари суриб, бутун мағзавани мигрантларга ёки аксинча РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯси фуқаролари — кавказликларга ағдармоқда. Буни Бирюлево воқеасидан сўнг минглаб мигрантлар қўлга олингани, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Москвада мигрантлар сони ўсмоқда, этник жиноятлар кўпаймоқда, келгиндилар бу ерда ўзларини хўжайиндек ҳис қилишмоқда. ОИВга йўлиққан тожикнинг Москвада бир қанча қизларни зўрлаганини ёдга олайлик. Унинг мақсади айнан москвалик қизларга ОИВ юқтириш бўлган. Бизга бундай мигрантлар керакми? Нега уни айнан депутатнинг қизини зўрлагандан сўнг қўлга олишди? Бундай мисолларни минглаб келтириш мумкин. Натижада оддий москваликлар азият чекмоқда ва ўлмоқда, — деб ёзади “Яблоко” партиясининг Москва шаҳри бўйича раиси ўринбосари Ярослов Колобков.

Яна бир мухолифат вакили Алексей Навальний эса Марказий Осиё мамлакатлари билан виза муносабатларини ўрнатишни талаб қилиб имзо йиғишга киришиб кетди. У ҳам муаммони мигрантларда кўраётганини очиқчасига билдирмоқда.

Нуқтаи назар:

Бугун Россияда юз берадиган ҳар бир воқеликка миграция муаммоси орқали ёндашиш одатий ҳолга айланмоқда. Сайловолди дастурларида ҳам, ҳуқуқ-тартибот идораларида коррупцияга қарши курашиш масаласида ҳам, аввало, миграция масаласи тилга олинмоқда. Эътиборли жиҳати, масала нафақат миграциянинг қонуний ёки ноқонунийлигида, балки умуман миграция — яъни аҳолида этник нафрат, миллатчилик кайфияти кучайиб, социал танглик кучаймоқда. Бунда, айниқса, ОАВнинг ролини алоҳида кўрсатиш мумкин. Умуман, Россия олиб бораётган миграция сиёсати бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Егор Шербаковни ўлдирганликда айбланаётган Орхан Зейналов
Егор Шербаковни ўлдирганликда айбланаётган Орхан Зейналов

Биринчидан, Россиянинг кўпмиллатли давлат эканлиги ёддан кўтарилиб, “Россия фақат руслар учун” шиори остида олиб борилаётган миллатчилик ҳаракати ва миллатлараро тотувлик концепциясининг яхши ишламаётгани мамлакатнинг ҳудудий ва ғоявий яхлитлигига раҳна солиб, давлатда сепаратизм ва миллатлараро зиддиятнинг чуқурлашуви олиб келади.

Иккинчидан, давлат миграция институтлари ва механизмларининг амалда тўлиқ ишламаётгани, коррупциянинг илдиз отгани ҳам мамлакатда мигрантларнинг ишга жойлашиши ва адаптациясида жиддий тўсиқларга сабаб бўлмоқда.

Учинчидан, Россия аҳолиси, миллатчилари мигрантларни ёмонотлиқ қилишаётганда, асосан Марказий Осиё мамлакатлари вакилларига урғу бераётгани ҳам мигрантларни ҳудуди, миллати ва диний қарашлари ёки ижтимоий мақомига қараб дискринимация қилишга уриниш кучайганидан далолатдир.

Тўртинчидан, Россияда ҳақиқатда мигрантлар сони изчил ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда турли ҳисоб-китобларга кўра, 11-12 миллион нафарни ташкил қилади. Уларнинг орасида, айниқса, рус тилини ёмон биладиган, маҳаллий тартиб-қоидадан бехабар, касб малакасига эга бўлмаган мигрантлар сони ўсиб бораётгани ҳам жамиятдаги турли норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Бешинчидан, Россияда ички миграция масаласи тўлиқ ҳал қилингани йўқ. Айниқса, Кавказ Россия ва руслар учун бегона бўлиб қолмоқда, уларнинг Россия жамиятига интеграцияси жуда қийин кечмоқда. Бу борада ҳам тегишли ишлар амалга оширилиши ҳаёт заруратидир.

Албатта, Россиядаги миграция масаласи биз учун ҳам долзарб бўлиб қолаверади. Зеро, бир неча миллион ўзбекистонлик ушбу мамлакатда меҳнат қилмоқда, оиласини боқмоқда. Шу нуқтаи назардан Россиядаги миграция масаласини ҳал этишнг ҳуқуқий механизмлари ишлаб чиқилишига умид қилиб қоламиз.

 

Мурод ҒОФУРОВ.