Россияда 7 нафар самарқандлик 16 миллион рубль қалбаки купюрани муомалага чиқаришган

    RIA Novosti
    RIA Novosti

    Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида етти нафар пул қалбакилаштирувчилар қўлга олинган. “КоммерсантЪ” газетасининг ёзишича, ушбу жиноий гуруҳ кирдикорлари боис Россиянинг йирик банклари 5000 рубль купюраларини қабул қилишдан бош тортишган.

    Тергов органларига кўра, “интеллектуал” жиноятчилар қисқа вақт ичида Питер ва Москвада 16 миллион рубль (тахминан 500 минг доллар атрофида) қалбаки купюраларни банкомат ва бошқа тўлов қурилмалари орқали муомалага чиқаришган.

    Улар ўтган ҳафта шанба куни Питернинг Пулково аэропортида қўлга олинган. Уларнинг бир қисми ўша куни Москвага, яна бир қисми Тошкентга учиб кетишни режалаштираётган бўлган. “Ъ”нинг ёзишича, ҳибсга олиш жуда тинч ўтган, гумондорлар қаршилик кўрсатмаган.

    Ҳозирги кунда Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўзбекистонликларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 186-моддаси, яъни қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалари, шунингдек қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш ёки уларни ўтказиш бўйича айбланмоқда.

    Россия Ички ишлар вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати ҳамда банклар хавфсизлик хизматлари фирибгарларнинг шахсини аниқлаш, уларнинг фотосуратларини яратиш, шунингдек, кузатув камералари орқали қидириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширган. Натижада уларнинг суратлари ва паспорт маълумотлари аэропортларга етказиб берилган. Қўлга олинганлар Самарқанд вилоятидан бўлиб, энг кичиги 22 ёш, энг каттаси 32 ёшда.

    Улар тайёрлаган пул купюралари шунчалик сифатсиз бўлганки, ҳатто сув белгилари ҳам бўлмаган. Аммо улар банкоматларнинг дастурий таъминотидаги камчиликлардан яхши хабардор бўлган. Тергов органлари қалбакилаштириш билан шуғулланган фуқароларнинг шахсини суриштирув талабларидан келиб чиқиб эълон қилмаган.

    Шуни айтиш керакки, ўтган ҳафта Россиядаги йирик банклар 5000 рубль купюраларни қабул қилишдан бош тортишган эди. Бунга уларнинг орасида қалбакилари ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани сабаб бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, банклар бешмингталикни 21 октябрдан муомалага чиқаради.

    SHARE