Россияда Марказий Осиё мамлакатлари жисмоний шахсларига юбориладиган пул ўтказмаларига тақиқ ўрнатиш масаласини кўриб чиқишмоқда

1357636615

Россия Федерацияси Давлат Думасида Либерал-демократлар партияси депутатлари Игорь Лебедев бошчилигида мигрантлар сони бир қанча кўп бўлган Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларига жисмоний шахслари томонидан юбориладиган пул ўтказмалари учун мораторий, яъни тақиқ қўйиш эҳтимолини кўриб чиқишмоқда. Улар ушбу масалада Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Дмитрий Медведевга мурожаат қилишмоқчи. Бу ҳақда “Регнум” ахборот агентлиги ЛДПР фракция девонидаги манбаига таяниб маълум қилди.

Давлат Думаси вакиллари сўзларига кўра, бундай чора мигрантлар учун Россиянинг жозибадорлигини пасайтириш мақсадида ҳаётга татбиқ этилиши керак. “Тожикистон, Ўзбекистон, Озарбойжон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан пул ўтказмаларини олувчилар — жисмоний шахслар учун пул ўтказмаларини тақиқлашни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Шуни қайд этамизки, бундай чора вақтинчалик бўлиб, шунга мажбурмиз. Қатъий чоралар кўрилиши керак”, дейилади рус депутатлари баёнотида.

Депутатлар бугун муаммога комплекс ёндашиш зарурлигини уқтиришиб, айрим мигрантларни чиқариб юбориш ёки уларни мунтазам текшириб туриш самарасиз усул эканлигини айтиб ўтишган. “Шу боис биз Россия ҳукумати раисига мурожаат қилмоқчимиз. Мигрантлар мамлакатимизга пул топиш учун келишади, россияликларга эса разолат, касалликлар, гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик қолмоқда. Сўнгги кунлар воқеалари шуни кўрсатдики, одамларнинг сабр-косаси тўлди”, дейди депутатлар.