Fitch рейтинг агентлиги АҚШни огоҳлантирди

soltani20130323062152470

АҚШ ҳукумати мамлакат иқтисодиётини дефолтдан қутқариб қолиш учун бир суткадан сал кўпроқ вақт қолмоқда. Аммо Конгресс ҳукумат фаолиятини молиялаштириш ва давлат қарзи лимитини ошириш бўйича якдил тўхтамга кела олгани йўқ. Республикачилар партияси вакиллари ушбу инқироздан чиқиш учун ўз таклифини илгари сура олмади. Мамлакат биржа кўрсаткичлари ва қимматли қоғозлари нархи тушишда давом этмоқда, мамлакатнинг кредит қобилияти шубҳа остига олинмоқда. Масалан, Fitch халқаро рейтинг агентлиги АҚШнинг рейтинги пасайтирилиши мумкинлиги билан огоҳлантирди, деб хабар беради Газета.ru.

АҚШ ғазна хизмати қайд этганидек, шу йилнинг 17 октябрь куни давлат бюджети харажатларини молиялаштириш имкониятлари тугайди. Мамлакат молия вазири Жейкоб Льюга кўра, ўша куни давлат ғазнасида бор-йўғи 30 миллиард доллар маблағ қолади. У ҳам 22-31 октябрь кунлари ишлатиб юборилади. Ана шу ҳолатда АҚШ бюджет харажатларини ҳамда кредиторларнинг улушларини қоплаш учун тегишли маблағни топа олмайди. 1 ноябрь ҳолатига эса АҚШ тиббий ва ижтимоий суғурта ҳамда ҳарбий харажатлар учун белгиланган 55 миллиард доллар маблағни тўлаш қобилиятини йўқотади.

Халқаро Fitch рейтинг агентлиги АҚШ рейтингини янада тушириш учун қайта кўриб чиқилиши билан огоҳлантирди. Агентликка кўра, бюджет масаласида музокараларнинг боши берк кўчага кириб қолгани ҳукумат идоралари ва мамлакат сиёсий институтларининг самарали фаолият юритишига таҳдид солмоқда.

“Fitch аввалгидек АҚШ давлат қарзи лимити оширилишига ишонса-да, ўзаро мувозанатнинг уруш ҳолатида эканлиги, қолаверса, молиявий барқарорликнинг пасайиши дефолт рискини оширади”, дейилади агентлик баёнотида. Бугунги кунда АҚШ рейтинги энг юқори ААА даражасида турибди.

 Fitch АҚШнинг рейтингини 2014 йилнинг биринчи чораги охиригача қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда давлат қарзининг муттасил оширилиши натижасида Standard and Poor’s туширган эди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, АҚШ Конгрессида ушбу масалада бир неча кундан бери музокаралар давом этмоқда. Душанба куни Конгресс Вакиллар палатаси Сенатнинг навбатдаги таклифини рад қилди. Конгресс қуйи палатаси ўз вариантини ишлаб чиқаётганини маълум қилди. Уларнинг фикрича, бу барча тарафнинг манфаатларини қаноатлантириши керак бўлади. Аммо ушбу таклиф палатанинг ўзида ҳам овозга қўйилмади.

Энди музокаралар навбати Сенатга етиб келди. Сешанба куни кечқурун Конгресс юқори палатасида музокараларнинг янги босқичи бошланди. “Гарри Рид (Сенатдаги демократлар етакчиси) ва Митч Макконел (республикачилар етакчиси) музокараларни қайтадан бошлашиб, янги келишувга эришишга умид билдиришмоқда”, деб ёзади демократлар вакили.

Бугун қоқ тушда сенаторлар икки партия вакиллари томонидан тайёрланган қонун лойиҳасини муҳокама қилиш учун йиғилишади. Агар сенаторлар ушбу ҳужжатни маъқулласа, Вакиллар палатаси ҳам уни кўриб чиқади.

АҚШ мавжуд вазиятга тезроқ ойдинлик киритиши кераклигини нафақат рейтинг агентликлари, балки айрим давлатлар ҳам таъкидлашмоқда. Хусусан, Хитой ва Япония АҚШ иқтисодиётининг дефолтга учраши ривожланаётган мамлакатлар ва дунё иқтисодиётининг ўсиш суръатларига салбий таъсир қилишини қайд этди. “АҚШнинг дефолт бўлиши дунёнинг деамерикалашувига олиб келади. Бундай ҳолатда мамлакатлар ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, “Pax Americana» цивилизациясини яратишади”, деб ёзади Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги.

SHARE