Ўзбекистонда “Билайн” фаолияти бўйича текшириш бошланган

BeeLine_logo

Ўзбекистон давлат солиқ органлари «Билайн-Ўзбекистон» мобил алоқа компаниясида навбатдан ташқари текширувларни бошлади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар тарқатди.

Ўзбекистон ҳукумати Vimpelcom’нинг шўъба корхонаси бўлган “UNITEL” МЧЖ фаолиятида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаган. Хабарда келтирилишича, Ўзбекистон давлат солиқ органлари “Билайн”нинг молиявий-хўжалик фаолиятини “ташқи манбалардан олинган маълумотлар асосида” текшириши ва мазкур текшириш октябрь ойи охирига қадар давом этиши мумкин. Vimpelcom компанияси ҳақиқатда текширишлар бошланганини тасдиқлаган.

“КоммерсантЪ”нинг ёзишича, инвесторлар мазкур текширишга жиддий эътибор қаратишмади. 14 октябрь куни NASDAQ биржасида Vimpelcom акциялари 0,33 фоизга қимматлашди. Компаниянинг капиталлашуви 21,39 миллиард долларга тенглашди.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Россиянинг яна бир компанияси “МТС”нинг Ўзбекистондаги “Ўздунробита” шўъба корхонаси фаолияти қонунчилик талабларини бузганлиги учун суд қарори билан тўхтатилган эди.

“Beeline” Ўзбекистондаги GSM-операторлари орасида етакчи ҳисобланиб, жорий йилнинг II чорак якунларига кўра унинг абонентлари сони 10 202 000 ташкил қилган.

SHARE