Барак Обама яна ғалаба қозонди

congress-meets-government-shutdown-looms-20130930-133303-510

АҚШ Конгресси давлат қарзи миқдорини ошириш ҳамда давлат органлари фаолиятини давом эттириш имконини берадиган бюджет лойиҳасини маъқуллади ва Барак Обама уни имзолади. Сенатнинг мазкур қонунчилик ташаббуси мамлакат иқтисодиётини техник дефолтдан сақлаб қолди. Яъни ҳукумат 2014 йилнинг 7 февралига қадар қарз олиши мумкин. Оқ уй шу давр мобайнида кейинги молиявий йил учун бюджет масаласида республикачилар партияси билан музокараларни давом эттиришни режалаштирмоқда.

Конгрессдаги республикачилар вакиллари икки ҳафта мобайнида давом этган урушда мағлубиятга учраганини тан олишди. Сенатда мазкур ҳужжатни қўллаб-қувватлаб 81 нафар, қарши бўлиб 18 нафар сенатор овоз берган. Вакиллар палатасида эса бюджет лойиҳасини 285 нафар конгрессмен қўллаб-қувватлаган, 144 нафари эса қарши овоз берган.

Сенатдаги демократлар етакчиси Гарри Рид ва республикачилар етакчиси Митчел Макконнел томонидан тақдим этилган бюджет лойиҳасига кўра, АҚШ давлат қарзининг энг юқори лимити 7 февралга қадар 1,1 триллион доллар оширилади. Бундан ташқари, Конгресс 2014 йилнинг 15 январига қадар ҳукумат фаолиятини давом эттиришга рухсат берди. Шу билан бирга, махсус партиялараро бюджет комиссияси тузилиб, улар жорий йилнинг 13 декабрига қадар Оқ уйга солиқ қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда давлат харажатларини қисқартириш бўйича таклифлар киритади.

“Биз катта иш қилдик. Аммо мамлакатни сунъий яратилган инқирозлар орқали бошқариш одатимиздан воз кечишимиз керак”, деди Барак Обама Сенат томонидан вақтинчалик чора-тадбирлар маъқулланганидан сўнг. У яқин ойларда Конгресс 2014 йил давлат бюджетини тасдиқлаши, иммиграция тўғрисидаги қонунни маъқуллаши ҳамда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни қабул қилиши кераклигини таъкидлади.

16 кун давом этган бюджет инқирози Конгресснинг нуфузини тушириб юборди. Чунончи, социологик тадқиқотларга кўра, АҚШ қонунчилик ҳокимиятининг фаолиятини 5 фоиз америкаликлар қўллаб-қувватлайди. Уларнинг фикрича, бюджети инқирози республикачилар партияси вакилларининг қайсарликлари юз берди.

Кеча кечқурун Вакиллар палатаси спикери Жон Байнер Оқ уй билан курашда республикачилар партияси мағлубиятга учраганини айтиб ўтди. “Бих яхши курашдик, аммо ғалаба қозона олмадик”, деди у ўз партиядошларига янги курашлар олдидан яхши ҳордиқ чиқариш маслаҳатини берди.

Демократларнинг фикрича, кейинги йил бошидан республикачилар яна Обама томонидан илгари сурилган соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонунни бекор қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бошлашади. “Ҳозир улар келишишга мажбур бўлишди, аммо январда яна мазкур қонунни ўзгартиришга интилишади. Шунинг учун қарама-қаршилик ҳали тугагани йўқ. Шунга умид қиламизки, сўнгги ҳафталар спикер Байнер ва унинг тарафдорларига яхшигина сабоқ бўлди ва улар кейинги гал бирмунча амалий позицияни илгари суришади”, деди сенатор-демократ Ричард Дарбин.

Бюджетга киритилган сўнгги тузатишга кўра, 1 октябрдан мажбурий равишда меҳнат таътилига чиқарилганларга ҳукумат компенсация тўлайди.