Қирғизистон: Ўзбекистон Қамбарота ГЭСи бўйича музокараларда қатнашишдан бош тортган

49012

Ўзбекистон Қирғизистоннинг “Қамбарота-1” ГЭСи техник параметларини аниқлаш жараёнида иштирок этишдан бош тортди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Асқар Бешимов маълум қилган.

Унинг сўзларига қараганда, 2013 йил давомида ГЭС қурилиши бўйича Норин дарёсининг қуйи ва юқори оқимидаги давлатлар билан тўрттомонлама учрашувлар бўлиб ўтган. “Биз барча тарафларни мазкур иншоотлар (Қамбарота-1 ГЭС ва Юқоринорин тўғони) қурилишида иштирок этишга таклиф қилдик ва бу таклиф ҳали ҳам ўз кучини йўқотгани йўқ”, деди вазир ўринбосари.

Асқар Бешимов тарафлар Қамбарота-1 ГЭС техник параметрларини аниқлаш учун учрашганини айтиб ўтди. “Афсуски, таклиф қилганимизга қарамасдан Ўзбекистон ушбу учрашувда қатнашмади. Шу боис қарийб уч йилдан бери ўтказилмаётган ҳукуматлараро комиссия мажлисини ўтказишни таклиф қиляпмиз. Бу тарафларнинг музокара жараёнларини олиб боришга тайёрмаслиги билан боғлиқдир”, деди у.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 68-сессиясида сўзлаган нутқида Марказий Осиёнинг икки йирик трансчегаравий дарёси — Амударё ва Сирдарё сувларидан оқилона фойдаланиш масаласига эътибор қаратди. « Тожикистон ва Қирғизистоннинг йирик тўғонли янги улкан ГЭСларни, хусусан, Амударёнинг юқори оқимида 350 метр баландликдаги тўғонли Роғун ГЭСи ва Сирдарёнинг юқори оқимида 275 метр баланд тўғонга эга Қамбарота ГЭС-1ни қуриш режалари бизни хавотирлантирмасдан қўймайди», деди вазир.

Абдулазиз Комиловнинг экспертлар фикрига таяниб айтишича, бундай ёндашув дарёларнинг табиий оқими бузилишига ҳамда ўта хавфли экологик ва социал-иқтисодий оқибатларга олиб келади.

Вазир трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида манфаатдор мамлакатлар билан келишмаган ҳолда гидроэнергетик иншоотларни қуришга йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этди. Абдулазиз Комилов янги гидроиншоотларнинг дарёлар табиий оқимига, атроф муҳитга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эҳтимолий таъсирини баҳолаш учун БМТ шафелигида Роғун ва Қамбарота-1 ГЭСларини холис халқаро экспертизадан ўтказиш зарурлигини қатъий таъкидлаб ўтди.

SHARE