Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси “опа-сингилларимизни пахта теримига сафарбар этиш”га чорлаган

tashabbus.uz
tashabbus.uz

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси Ўзбекистон аёлларига махсус мурожаат билан чиққан. Мурожаат матни “Термиз оқшоми” газетасида чоп қилинган.

“Ўзбекистон аёллари азалдан ўзларининг донолиги, ташаббускор ва шижоатли, эпли ва саришталилиги, фарзандлари, оиласи ризқу насибасини муқаддас санаши билан улуғланиб келган”, дейилади мурожаатда.

Хотин-қизлар қўмитаси мурожаати олтин куз саховати деҳқонларимиз, аёлларимизнинг заҳматкаш меҳнати билан уйғунлашган ҳолда бизга ҳар йили оқлик ва поклик рамзи, халқимизнинг насибаси бўлган “оқ олтин”ни инъом этиши қайд этилган. “Яратганнинг неъмати бўлган пахта бугун далаларимизда қийғос очилиб турибди, минг шукрким, бу йил ҳам ризқимиз бутун ва мўл-кўл бўлди”, дейилади унда.

— Пахта кутилмаганда кўкдан тушиб қолмайди, у деҳқон ва фермерларимиз, аёлларимизнинг меҳнати, чекилган заҳматлари эвазига, яъни инсон қўллари билан яралган мўъжизадир, — дейилади мурожаатда. — Бу мўъжиза содир бўлишининг ҳар бир босқичида Сиз, азиз аёлларимизнинг меҳнати беқиёс. Ерга чигит қадаш, сув тараш, қатқалоқ юмшатиш, пахтани қайта-қайта бегона ўтлардан тозалаш, яганалаш, ғўза ғовлашининг олдини олиш ва пахтани териб олишгача бўлган даврда энг катта меҳнат хотин-қизлар елкасида эканини ҳаммамиз яхши биламиз.

Мурожаатда шу меҳнатлар эвази, аёлларнинг қадоқ қўлларини, офтобдан ранг олган юзларини шоирлар шеърга, ҳофизлар куйга солиб келиши айтилади.

“Юртимизда бўлаётган бунёдкорлик ишлари, фарзандларимиз таҳсил олаётган ёруғ ва кенг ўқув даргоҳлари, кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир ютуқ пахтамиз ҳосили билан боғлиқ, албатта. Биз ютуқларга меҳнат ва фидойилик билан эришган халқмиз! Келинг, ҳар бир толада болаларимиз ризқи, уларнинг порлоқ келажаги жо эканини унутмаган ҳолда, Ўзбекистон аёлларига хос матонат ва шижоат билан меҳнат қилайлик, миллат оналарига хос сабр ва ғайрат билан ишлайлик!”, дейилади мурожаатда.

Унда айтилишича, оқил халқ ўз насибасини увол қилмайди, бебаҳо неъматни совуқларга қолдирмайди! Оқила оналар фарзандлари ризқу рўзининг кўча-кўйда сочилиб ётишига йўл қўймайди!

“Ҳосил тўйларига, кўкка бўй чўзган хирмонлар байрамларига етгунимизгача бўлган ушбу олтин дақиқалардан унумли фойдаланайлик! Ўн-атрофимиздаги қўни-қўшниларни, опа-сингилларимизни ҳам пахта теримига сафарбар этиб, насибамиз бўлган пахтани тез кунларда териб олишни ташкиллаштирайлик! Сизнинг ҳалол меҳнатингиз самарасига суянамиз!”, дейилади мурожаатда.

Мурожаат, бизнинг маълумотларга кўра, пахта йиғим-теримидан олдин чиқарилган бўлиб, газетанинг 29-сонида эълон қилинган.

Ўзбекистонда шу кунларда пахта терими авжига чиққан бўлиб, мамлакат йил охирига қадар 3,5 миллион тонна пахта йиғиб олишни режалаштирган.

SHARE