«Ҳазорасплик мўччи қизлар билан танишаман!» ёхуд “совчи” телеканаллар

children1

Хоразмда «S-Ikbol» хусусий телевидениеси анча йиллардан буён воҳа аҳлига хизмат кўрсатиб келмоқда. Ушбу каналда кунига беш-ўн дақиқа маҳаллий доирадаги ахборотлар, турли мавзулардаги кўрсатувлар эфирга узатилади. Аксар вақт эса экран қўшиқчилардан бўшамайди. “Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас (бу борада кўп ёзилди…), балки халқимиз дидига ёт, миллий қадриятларимизга зид бўлган эълонлар тўғрисида мулоҳаза юритмоқчимиз”, деб ёзади “Ўзбекистон овози” газетаси мухбири Рўзимбой Ҳасан.

Мухбирнинг айтишича, эфирда кетаётган бир қўшиқчининг клипи кетмоқда. Экран тагида эса «SMS»лар орқали келаётган эълонларнинг кети узилмайди. «Иқбол, омад! Хивалик гўзал қизлар билан танишаман…», «96, 97-йил туғилган қизларга салом». Яна ўша гўзал қизлар билан танишмоқ ҳавасида бўлган йигитларнинг уяли телефон рақамлари ҳам берилади. “Энг ачинарлиси, йигитлар билан танишмоқ истагида бўлган қизларнинг «SMS»лари ҳам оз эмас — «35-40 яшар йигитларга салом», ҳайратга тушади мухбир

Воҳага қўшни Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл шаҳрида фаолият юритаётган «ТТВ» хусусий канали кўрсатувларида ҳам шу ҳолат: «Ҳазорасплик мўччи қизлар билан танишаман!»

“Ана, холос! Миллионлар минбари бўлган телеканаллар қачондан буён «совчилик»ни касб қилиб олди экан!? Бу бизнинг ахлоқ-одоб меъёрларимизга қанчалик мос келади? Умуман, «SMS»лар нимага хизмат қилади?”, деб савол беради Рўзимбой Ҳасан.

Тўғри, баъзи хориж каналларида ана шундай мазмундаги «SMS»лар бериб борилади. Улардан айримларини ҳатто айтишга ҳам уяласан киши. Аммо кўр-кўрона кимдандир андаза олишга уриниш, қаёққа бошлаётганини билмай туриб, кимнинг­дир ортидан эргашиш эртага қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Енгил-елпи, ҳаёсиз ҳар қандай гап-сўз, лав­ҳа, кўрсатув ёшлар тарбиясини бузишдан бошқа нарсага хизмат қилмайди.

Бундай ҳолатларга бепарво қараш эртага қимматга тушмайдими? Ахир ҳаммамизнинг оиламиз, фарзандларимиз бор, ҳаёсиз «эълон»лар 12-14 ёшли болалар, ўсмирлар руҳиятига қандай таъсир кўрсатишини ўйлаб кўрайлик…

Ҳар бир телеканал учун кўрсатувларни қизиқарли қиламан деса, мавзу етарли. Лекин ўзи нима қилишини билмаган одам бировнинг кетидан эргашади, бировнинг гапини гапиради. Бизнингча, юқорида номлари келтирилган хусусий телеканаллар «совчилик»ни бир четга йиғиштириб қўйиб, юрт­га, жамиятга бироз бўлса-да фойдаси тегадиган ишлар билан шуғулланса, обрў топади, деб ўйлаймиз.

SHARE