Оқ уйнинг юқори мартабали “аноним танқидчиси” ишдан бўшатилди

118327333.jpg.CROP.promovar-mediumlarge

Оқ уйнинг юқори мартабали ходими АҚШ президенти Барак Обама маъмуриятини ижтимоий тармоқларда танқид қилгани учун вазифасидан озод қилинган. Ишдан бўшатилган амалдор ўзини “бошқалар энди-энди ўйлаётган нарсалар ҳақида ёзаётган одам” деб атаган.

ИТАР-ТАССнинг Америка оммавий ахборот воситаларига таяниб хабар беришича, АҚШ президенти маъмуриятида ядровий қуролни тарқатмаслик дастури учун масъул бўлган ҳамда Эрон билан музокараларда бир неча маротаба қатнашган Жофи Жозеф икки йил давомида твиттердаги аноним саҳифаси орқали АҚШ сиёсатчилари  ва жамоат арбоблари номига ножоиз гап-сўзлар айтган.

Хусусан, 40 яшар амалдор АҚШ президенти Барак Обаманинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Бен Родс, собиқ АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонни кескин танқид қилган. Унинг фикрича, Ҳиллари Клинтон Яқин Шарқда мағлубиятга тенг сиёсат олиб борган. “У жуда кўп сароб мақсадларни ўз олдига қўйди, аммо уларнинг биронтасига эриша олмади”, деб ёзади у твиттердаги саҳифасида. У АҚШ президенти Барак Обамани ҳам танқид қилади. “Мен Обаманинг мухлисиман, аммо унинг бир тийинга қиммат одамларга ишониши мени хавотирга солади”, деб ёзади у.

Амалдорнинг ишдан бўшатилгани ҳақидаги ахборотни The Daily Beast нашри эълон қилган. Унда айтилишича, Жофи Жозефни хизматда фойдаланиладиган ахборотларни ошкор қилганликда айблашмоқда. Оқ уй маъмурияти ушбу ҳодисани тасдиқлаган бўлса-да, бошқа изоҳ бермаган.

Жозеф ўзи томонидан ҳақорат қилинганлардан кечирим сўраган ва журналистлар билан мулоқот қилишдан бўйин товламоқда. У твиттерда 2011 йилдан бери “NatSecWonk” номи остида фаолият юритган. Ҳозирги кунда ушбу саҳифа твиттердан ўчириб ташланган.

SHARE