«Режиссёрларимиз сохта воқеаларни излашдан чекиниши керак»

hqdefault

Гарчи кейинги йилларда айрим ижодий гуруҳлар томонидан ишланаётган маҳсулотлар ҳаётимиздан, ўзлигимиздан тобора узоқлашмоқда. Фақат айрим асарларгина бундан мустасно деб, мақтана оламиз, холос, деб ёзади Нодир Мажидов “Ҳуррият” газетасида.

Муаллифнинг ёзғиришича, бугун киноэкранларимизни ёзувчи Эркин Аъзам асари асосида режиссёр Аюб Шаҳобиддинов суратга олган, кўплаб халқаро мукофотларни забт этган ҳамда дунё кинотанқидчилари томонидан ҳар томонлама мукаммал киноасар деб эътироф этилган “Паризод” бадиий фильми билан бир қаторда “Эр бермоқ – жон бермоқ”, “Менинг акам бўйдоқ”, “Энди дадам бўйдоқ”, “Ижарачилар”, “Али, Вали, Ғани, Насиба қани?”, “Тундан тонггача”, “Шомурод ва Дурдона”, “Менинг дўстим жин” “Ягонам”, “Жаноб хот-догчи” каби томошалар эгаллаб олди.

Муаллифга кўра, “Паризод” битта, аммо қолганларининг миқдори кўп. “Ўқишдан, ишдан чарчаб келиб, телевизор мурватини боссанг, ана шундай мазмунан саёз фильм асабингни эговлаши одатий ҳолга айланди. Қолаверса, уларнинг аксарияти тарбиявий аҳамиятга эга бўлмаган, миллийлигимиздан йироқ, ғоялари ноаниқ ва ачинарлиси, бутун жаҳон зиёлилари бел боғлаб, қарши курашаётган оммавий маданият ниқоби остидаги иллатларнинг ошкора тарғиботчисига ўхшаб кўринади. Бундан ташқари, ўзбек халқининг ҳаётига ёт ясама воқеаларни киноларга киритиш натижасида миллатимизни обрўсизлантириши ҳам мумкин”, дейди муаллиф.

Шу ўринда аслида кино санъатининг мақсади ва вазифаси нимадан иборат, деган ҳақли савол туғилади. Бунга ҳар бир онгли одамда жавоб бор, албатта. Шундай бўлса ҳам такрорлаймиз: бошқа санъат турлари қатори кино одамларга эстетик завқ берадиган, инсон руҳиятини поклайдиган, инсоний фазилатларни юксалтирувчи тарбия воситаси.

Қаршимиздаги муаммо: миллий кино санъатимизнинг айрим ижодкорлари кинонинг асосий вазифаси нима эканини унутишганидир. Оқибатда юқорида санаб ўтилган ҳолатлар урчигандан-урчиди.

Хўш, муаммонинг илдизи қаерда? Бунга жавоб изланяпти. Ҳар сафар кино ижодкорларимизга танқидий муносабат билдириб, бунинг сабаби нима деб сўраладиган бўлса, доим битта жавоб бўлади: “…асар йўқ, драматургия яхши эмас. Драматургияни кучайтириш керак! Асар йўқлигидан шундай қилишга мажбур бўляпмиз”. Мулоҳаза қилсак, бу фикрда жон бор. Ғоя, маълум бир воқеалар ёхуд тафаккур маҳсули доирасида адабий асос – сценарий вужудга келади. Кейин бирорта режиссёр томонидан ана ўша ссенарий асосида фильм яратилади. Биздаги муаммо ҳам ўша адабий асоснинг мавжуд эмаслигидадир.

Кинонинг адабий асосини яратиш билан кинодраматургия деб аталадиган адабиёт соҳаси шуғулланади. Ушбу йўналиш мустақил адабий жанр сифатида ўтган асримизнинг бошларида вужудга келган санъат туридир. Кинодраматургларни етиштириш эса наинки бизнинг мамлакатимизда, балки кўплаб ривожланган давлатларда ҳам долзарб муаммо. Ҳеч ким фавқулодда драматург бўлиб қолмайди. Бу эса кино ишлаб чиқаришда катта муаммоларни келтириб чиқаради. Лекин бу кино ишлаш учун адабий асос йўқ, дегани эмас-да. Соҳанинг тажрибали мутахассислари томонидан сценарийсизлик муаммосини ҳал қилиш мақсадида кино санъати тарихида бевосита маълум бир фильмни суратга олиш учун махсус ёзилган сценарийлар билан бир қаторда жаҳонга, қолаверса, ўз хал­қига манзур бўлган адабий асарлар – ривоятлар, эртаклар, ҳикоялар, қиссалар, романлар, эпопеялар, достонлар, драмалар асосида суратга олинган фильмлар мавжуд. Уларнинг аксарияти томошабиннинг энг севимли, дурдона асарларига айланган. Масалан, буюк рус режиссёри Сергей Бондарчук томонидан Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романи асосида суратга олинган икки қисм­ли бадиий фильм томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган ҳамда “Мосфильм” киностудияси тарихида илк бора “Оскар” мукофоти совриндори бўлган. 2009 йилда АҚШдаги “ХХ аср фокс” киностудиясида режиссёр Ридли Скот томонидан суратга олинган “Муқаддас замин” бадиий фильми мазкур йилда “энг кўп маблағ жамғарган ва энг кўп томошабин йиққан картина” деб эътироф этилди, икки юздан ортиқ тилларга таржима қилинди. Хусусан, бирваракайига учта дубляж студияси томонидан ўзбек тилига ҳам ўгирилди.

Хўш, нега бу асар томошабинни шу қадар ўзига ром этди? Тағин “вақт бу пул” дея аталаётган мураккаб замонда? Бунинг жавоби битта ва оддий. Асар мукаммал адабий асосга эга. Яъни, фильм араб халқлари томонидан тарихий хроника тарзида ёзилган “Муқаддас китоб”даги Сурия подшоси Салоҳиддин Аюбий ҳаёти ҳақидаги қисса асосида яратилган ва иккита йўналиш бўйича “Оскар” мукофотига сазовор бўлган. Бундан ташқари, Агата Кристи, Артур Конан Дойл, О’Генри, Александр Дюма, Шекспир, Пушкин, Чехов, Бальзак каби адибларнинг асарлари асосида яратилган фильмлар ҳам жаҳон экран санъати дурдоналарига айланган. Ўзимизда эса режиссёрлар Наби Ғаниев ва Йўлдош Аъзамов томонидан суратга олинган “Тоҳир ва Зуҳра” ҳамда “Ўткан кунлар” бадиий фильмлари ЮНEСКОнинг олтин фондидан ўрин эгаллади. Қиёсий таҳлилларга таянган ҳолда хулоса қилсак, маълум бир фильмни яратиш учун ёзилган сценарий асосида ишланган асарлар – “Титаник”, “Замонлар оша”, “Такси” каби картиналар томошабин томонидан қанчалик қизғин кутиб олиниб, ижодкорларга қанчалик шуҳрат келтирган бўлса, адабий асарнинг бошқа жанри – ҳикоя, қисса, романлар адабий сценарийга айлантирилиб, яратилган фильмлар – “Иф қалъасининг маҳбуси”, “Шерлок Холмс”, “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина” картиналари ҳам улардан кам шуҳрат топмади. Аксинча, иккинчи санаганларимиз аввалгиларига қараганда ҳам ғоявий, ҳам бадиий жиҳатдан, қолаверса, томошабиннинг эътиборини қозонишда ҳам биринчиликни қўлдан бермай келмоқда.

Сўнгги йилларда адабиётимизда инсон қалби, ҳиссиётлари, хоҳиш-интилишларини ўзида ифода этиш орқали умум­инсоний муаммолар, глобал фожиаларга сабаб бўлаётган ҳолатларнинг бадиий талқини яратилди. Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат”, Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар”, Эркин Аъзамнинг “Шовқин” каби романлари дунё юзини кўрди. Уларнинг барчаси нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам ўз ўқувчиларини топди. Халқаро мукофотларга сазовор бўлди. Булар қаторига романлардан ташқари кўплаб қисса ва ҳикояларни ҳам киритиш мумкин. Аммо уларнинг экрандаги талқинини яратишга қаратилган амалий ҳаракатлар, афсуски, ҳозирча сезилмаяпти.

Хулоса оддий: инсонлар, замон ҳамда муаммоларнинг тўлақонли қиёфаси адабий асарлар бағрида ётади. Устоз режиссёрлар Наби Ғаниев, Йўлдош Аъзамов, Комил Ёрматовлар бу ўткир ҳақиқатни ҳис қилган ҳолда доим адабиёт ошноси бўлишган. Натижада уларнинг киноасарлари халқимиз маънавий ҳаётининг бир бўлагига айланиб, ҳамон экранларимиздан тушгани йўқ. Бугунги режиссёрларимиз ҳам ҳозиргидек сохта воқеаларни излашдан чекиниб, устоз режиссёрлар йўлидан боришса, эҳтимол асрларга татигулик картиналар яратилармиди?..

SHARE