АҚШ хавфсизлик идоралари Ангела Меркель уяли телефонини эшитиб борган бўлиши мумкин

84276916

АҚШ махсус хизмати вакиллари Европа мамлакатлари раҳбарларининг шахсий телефон қўнғироқларини ҳам маҳфий равишда эшитган бўлиши мумкин. Хусусан, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ГФР канцлери Ангела Меркелнинг мобиль телефонини яширин равишда эшитган. Бу ҳақда Der Spiegel журнали махсус суриштирув ўтказган.

ГФР ҳукумати мазкур ахборотни жуда жиддий қабул қилган. Канцлер Ангела Меркель АҚШ президенти Барак Обамага телефон қилиб, вазият юзасидан тушунтириш беришни талаб қилди. Меркелнинг сўзларига қараганда, мазкур маълумотлар тасдиқланадиган бўлса, буни “мутлақо қабул қилиб бўлмайди”.

Акс ҳолда, ГФРнинг АҚШга нисбатан ишончи асосли равишда йўқолади. “АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги зудлик билан айғоқчиликни тўхтатиши керак”, деб баёнот берди ГФР ҳукумати.

Германия ҳукуматининг бундай кескин баёнот беришига Der Spiegel журналининг ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув сабаб бўлди. Мазкур ахборот ГФР Федерал разведка хизмати ва Ахборот технологиялари хавфсизлиги бўйича федерал идора томонидан текшириб кўрилгач, ҳукумат АҚШ раҳбариятига бундай кескин протест билан чиқишга асос бўлган.

Ангела Меркель Обама билан телефон орқали мулоқоти чоғида АҚШ ҳукумати немис амалдорлари фаолияти бўйича айғоқчилик ҳаракатлари юзасидан тушунтириш ва уларнинг кўлами ҳақида ахборот беришига умид билдирди.

Оқ уй матбуот котиби Жей Карни Меркель телефони яширин эшитилгани ҳақидаги ахборотни рад қилди.

SHARE