Ўзбекистонда академик Ўткур Исломов вафот этди

10265Атоқли археолог ва тарихчи олим, тарих фанлари доктори, академик Ўткур Исломов 81 ёшида вафот этди.

Ў.Исломов 1932 йили Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. 1956 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих факультетини тамомлади.

Ўз меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тарих ва археология институтида лаборант сифатида бошлади, дастлаб номзодлик, кейинчалик эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Археология ва тарих фани ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Ў.Исломов ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих ва археология институтининг илмий ходими, бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтининг Тошкент бўлими мудири каби вазифаларда меҳнат қилди.

Таниқли олим археология ва тарихшуносликнинг долзарб масалаларига оид кўплаб монография ва рисолалар, илмий мақолалар муаллифидир. Айниқса, унинг раҳбарлигида Фарғона водийси ҳудудида олиб борилган археологик изланишлар Ўзбекистон замини энг қадимий одамзод манзилгоҳларидан бири эканини илмий асосда исботлаш имконини бергани, мамлакатимизнинг мезолит даврига оид тарихи айнан ана шу изланишлар асосида яратилганини илмий жамоатчилигимиз яхши билади.

Олим вафоти муносабати билан Президент Ислом Каримов, Олий Мажлис Сенати Раиси Илгизар Собиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Дилором Тошмуҳамедова, Бош вазир Ш.Мирзиёев, ЎзФА президенти Шавкат Солиҳов ва академик Эдвард Ртвеладзе расмий таъзия билдиришди.

SHARE