Чикагода ватандошлар қурбон ҳайитини нишонлади

1

Чикагодаги Ўзбек-Америка жамияти 19 октябрь куни қурбон ҳайитини нишонлади.  Тадбирда Чикаго шаҳри атрофида истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ ўзбекистонликлар,  уларнинг оила аъзолари,  фарзандлари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Тадбир Қуръон тиловати билан очилди.  Ўзбек-Америка жамияти президенти Олимжон Шарипов йиғилганларни байрам билан табриклаб,  кечага ташриф буюрганлари учун уларга ташаккур айтди.  Шундан сўнг қурбон ҳайити байрамининг нишонланиш тарихи ва унинг Ислом динида тутган ўрни ҳақида маъруза қилинди.  Сўнг меҳмонлар байрам дастурхонига таклиф этилди.

Ватандошлар тансиқ таом устида бир-бирлари билан дилдан суҳбат қуриш имкониятига эга бўлишди.  Чунингдек,  тадбир иштирокчиси бўлган болажонларга байрам совғалари улашилди.  Совғалар жамиятнинг фахрий етакчиси Ҳожи бобо Сирожиддин Насафий томонидан топширилди.

2
Ҳожи бобо Сирожиддин Насафий болаларга совға улашмоқда.

Бундан ташқари,  болалар учун “Тилингизни биласизми?” номли мусобақа ҳам уюштирилди.  Ушбу мусобақа ғолиби бўлган болажонларга пул мукофотлари берилди.

Байрам дастури кўтаринки кайфиятда ўтди.  Келганлар хурсанд бўлиб,  ватандошларнинг бундай йиғинларда тез-тез қатнашиб туриши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

SHARE