Ўзбекистон бу йил пахтачиликдан ўртача 1,4 миллиард доллар ялпи даромад олади

white ripe cotton field ready for harvest

«Бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида, қолаверса, бутун юртимиз ҳаётида қувончли бир воқеа, яъни, мамлакатимиз пахтакорлари 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд хирмон бунёд этиб, катта меҳнат ғалабасига эришдилар», деб бошланади Ўзбекистон Президентининг мамлакат пахтакорларига йўллаган табригида.

Президент «бу юксак марра пахтачилик ишига ўз ҳаётини бағишлаган, ўз касбининг устаси ва фидойиси бўлган деҳқон ва фермерларимизнинг, ушбу соҳага дахлдор олим ва мутахассисларнинг ўта мураккаб ва машаққатли меҳнати натижаси, том маънода мардлик ва матонат намунаси эканини» айтиб ўтди.

Табрикда келтирилишича, апрель ойида ҳаво ҳароратининг меъёрдан сезиларли даражада паст бўлгани, сурункали ёмғир ва жала туфайли чигит экиш 5-7 кунга кечикиб кетгани, май ойида 20-25 кун давомида тупроқда намлик миқдори ортиб, чигитнинг униб чиқиши ва ғўза ривожини деярли тўхтатиб қўйган. Июль-август ойларида эса ҳарорат одатдагидан 8-10 даража юқори бўлгани, жанубий вилоятларда жазирама иссиқ 45-50 даражага етгани, кўзни очирмайдиган гармсел, кучли шамол ва бўронлар кузатилгани, турли зараркунанда ва касалликлар кўпайгани, табиийки, ғўза ривожига салбий таъсир кўрсатиб, ҳосил тақдирини хавф остида қолдирди.

Президентнинг қайд этишича, ғўза қатор оралари ҳар йилгидан 3-4 марта кўп, ўртача 7 марта культивация қилинган, суғориш ишлари шарбат усулида олиб борилиб, гектарига 10 тоннадан, жами 10 миллион тоннадан ортиқ маҳаллий ўғит берилган.

Етиштирилган мўл ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, унинг 90 фоиздан ортиғини юқори навларга топширилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра бу йил пахтачиликдан олинадиган ялпи даромад ўртача 3 триллион 100 миллиард сўмдан (1,4 миллиард доллар Марказий банк расмий курсида) зиёд ёки ўтган йилга нисбатан 23 фоиз кўп бўлиши кутилаётир.

SHARE