Ўзбекистонда миш-миш болалади

X0VeDj13826780761303_b (1)
Gazeta.Uz

25 октябрь куни Ўзбекистонни том маънода миш-миш чулғаб олди. Ижтимоий тармоқларда «Билайн—Ўзбекистон» мобиль оператори фаолияти тўхтатилиши ҳақидаги хабарлар болалади. Жума куни ижтимоий тармоқлар орқали, хусусан, Whatsapp, Viber, WeChat сингари мобиль қурилмалар орқали “Билайн” савдо белгиси остида ишлайдиган «Unitel» МЧЖнинг лицензияси қайтариб олингани ҳақидаги хабарлар тарқади.

Даставвал «Билайн-Ўзбекистон» жамоатчилик билан алоқалар хизмати бошлиғи Ораз Абдуразаков компания лицензияси чақириб олингани тўғрисидаги миш-мишлар юзасидан расмий изоҳ берди.

Компания сайтининг маълум қилишича, абонентлар “SMS орқали ва WhatsApp ҳамда Viber мессенжерлари орқали тарқатилган фирибгарлик спам-хабарномаси қурбони”га айланишди. Унда берилган ёлғон ахборот ҳақиқатга мос келмайди, бунинг ёлғонлигини, шунингдек, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси вакиллари ҳам тасдиқлайди.

“Unitel” МЧЖнинг лицензияси рақами оммавий тарқатилган хабардаги рақамдан фарқ қилади. Ушбу буйруқни берган ташкилот эса анчадан бери умуман бошқача номланади ва мутлақо бошқа мақомга эга. Шундай экан, бу жуда ҳам яққол қалбаки ҳужжатдир.

«Биз ўз мижозларимизни уйдирмаларга ишонмасликка чақирамиз. Компания одатий режимда ишлашда давом этмоқда, бундан ташқари, айнан ҳозир кенг миқёсли совринли акцияга тайёргарлик кўрмоқдамиз”, дейилади расмий сайтдаги ахборотда.

Орадан кўп ўтмай Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳам мазкур масала юзасидан баёнот берди. “Жорий йилнинг 25 октябр кунидан Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа воситалари орқали “Unitel” МЧЖнинг гўёки тегишли буйруққа асосланиб кўчма радиотелефон (мобиль) алоқа тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги асоссиз хабар оммавий равишда тарқатилмоқда. Шу муносабат билан, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси “Unitel” МЧЖнинг лицензиясининг амал қилишини тегишли буйруқ асосида тўхтатиш тўғрисидаги ахборотни ҳақиқатга тўғри келмаслигини расман маълум қилади”, дейилади баёнотда.

Газета.Uz’нинг хабар беришича, компания ушбу ёлғон хабарлар юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза тайёрланаётганини маълум қилган.

«Билайн-Ўзбекистон» алоқа оператори фаолияти тўхтатилиши ҳақида 25 октябрь куни тарқатилган миш-мишлар унинг рақобатчиси – Ucell офисларини мижозларга тўлдириб юборган.

Daryo.Uz
Daryo.Uz

Daryo.Uz’нинг ёзишича, Ucell офисларига ташриф буюраётганлар асосан «Билайн-Ўзбекистон» ёпилиши ҳақидаги гап-сўзлар миш-миш эканлигидан бехабар қолган кишилардир.

Бундай миш-мишларнинг оммалашишида компания молиявий фаолиятининг солиқ органлари томонидан  шу кунларда ўтказилаётган навбатдан ташқари текширилаётгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

SHARE