Ортиқ ОТАЖОНОВ: “Бугун ёшларга ақл ўргатадиганлар кўп”

1347556825_ortiq-va-ali-otajonov-xiva

Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажоновнинг фикрича, кимнидир эшитишмаётган бўлса, мухлисларни айблаш керак эмас. У, айниқса, бугунги ёшлардаги юзаликка санъатга жиддий зиён келтиришини айтади.

“Бугун санъатда аксариятни устоз-шогирдлик қизиқтирмайди. Уларни тезроқ шон-шуҳрат орттириш, танилиш, бирон унвонга эга бўлиш каби ҳою ҳаваслар ўйлантиради”, дейди Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов “Оила даврасида” газетаси мухбири билан суҳбатда.

Севимли хофизимизга кўра, агар саралайдиган бўлса, кўпчлиги ўзидан олдинги устозларининг қўшиқларини куйлай олишмайди. Нафақат куйлай олишмайди, ҳатто айримларидан “фалончи ким?” деб сўрасангиз, билмайди ҳам. Ва бундан фахрланишади. Устоз кўрмасдан ҳар мақомга йўрғалаётганларни, афсуски, бугун тез-тез учратяпмиз.

Ортиқ Отажоновнинг айтишича, бугун ёшларга ақл ўргатадиганлар кўп. “Айниқса, “аранжировкачилар” шундай кўпайганки, ўзлари санъатдан хабари бўлмай туриб — ўргатишади, улар фақат куй билан ишлашади, қўшиқ сўзи билан иши йўқ. Икки ўртада сўз бузилавериб, қулоққа ғалати эшитиладиган бўлиб қолади”, дейди хофиз.

Унинг фикрича, бугун санъаткорнинг қиёфаси ҳам ўзгараётгани хавотирлидир. Баъзиларнинг озгина номи чиқса, ҳаволаниб, унча-мунча билан гаплашгиси келмай қолади.

Ортиқ Отажонов санъат ўз номи билан ҳам асрлар оша яшайдиган бебаҳо хазина бўлиши кераклигини айтади. “Халқни ҳеч қачон алдаб бўлмайди. Агар кимдир бошқа миллат куйини ўғирлаб ёки бировнинг ашуласини бузиб айтдими, дарров билади. Қўшиқ ҳам чақалоққа ўхшайди. Кекса одамга янги кийим кийдирганингиз билан у чақалоққа айланиб қолмайди-ку?! Янги қўшиқ туғилиши учун куй ҳам, қўшиқ ҳам янгиланиши керак. Шундагина янги асар юзага келади”, деб фикр билдиради халқимизнинг севимли хофизи.

Ўзбекистон халқ артисти, ўз навбатида, бугунги кунда Хоразм лазгисини бузиб куйлашаётганига эътироз билдиради. “Лазги қадимий куй. У олдин сурнайда чалинган, устоз Комилжон Отаниёзов бу куйга Комил Хоразмийнинг ғазалини тушириб куйлаган. Шундан бери “Сурнай лазгиси” билан бир қаторда, шу ғазалнинг сўзи билан “Лазги” куйланади. Мен ҳам устоз изидан бориб, шоир Қадам Саидмуроднинг “Хоразмнинг лазгисина” деб номланган шеърини куйга солдим. Бу ҳам бир оз янгилик бўлди.

Бироқ кейинги пайтларда лазгини бузиб айтиш ҳолатлари ҳам учраяпти. Тўғри, куйни сайқаллаш мумкиндир, аммо ҳеч қачон сўзини, йўлини бузмаслик керак”, дейди хофиз.

SHARE